БЕРУНИЙЛИК СУВЧИЛАРНИНГ КЎЧАТ ЗАXИРАСИНИ ЯРАТИШ УСУЛИ ОММАЛАШМОҚДА

___Дарахт экиш бўйича эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик” тугашига саноқли кунлар қолди. Мазкур тадбир доирасида ҳар бир ҳудуд ва соҳалар ўзларига режа белгилаб олган эди. Кеч куз бўлишига қарамай ҳаво ҳарорати айни кунларгача нисбатан илиқ келди. Бу ҳолат тадбир доирасида белгиланган дарахт кўчатларини ўтқазишга, юртимизни яшил маконга айлантиришга она табиат ҳам шароит яратаётганидир балки.

___Қорақалпоғистонлик сувчилар ҳам дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” тадбирларини уюшқоқлик билан давом эттирмоқда. Ирригация тармоқлари атрофига, каналлар қирғоқлари ва ҳимоя зоналарига манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда. Мевали дарахт кўчатлари эса алоҳида майдонларга экилиб, ҳудудларда “Сувчилар боғи” барпо этилмоқда.

___Дарахт экиш бўйича бошланган “Долзарб 40 кунлик” тадбир барча ҳудудларда кўчатларга бўлган талабни табиий равишда оширди. Сир эмас, ҳудуд ва соҳалар кесимида миллионлаб кўчат экиш режа қилинган. Лекин, ҳудудларда олдин етиштирилган кўчатлар захираси белгиланган режага мутаносиб келадими?

___Бу тадбирда кампаниябозлик, қўшиб ёзишга сабаб бўладиган омиллардан бири ҳам кўчат  захираси етарли миқдорда бўлмаётгани назаримизда. Кўчат етишмаса-ю, лекин режани бажариш илинжида кўчатхонада эмас, қаердадир кўкариб турган дарахтни қайта кўчириб, экиш ҳам ярамайди. Агарда, хўжакўрсинга, ўсиши учун ноқулай, дейлик зовур бўйидаги шўр, умуман сув ичмаган жойларга ўша кўчат экилса, биз икки кара ютқазамиз. Бундай ҳаракат режани бажаришга хизмат қилиши мумкин, аммо лойиҳада кўзланган мақсад, яъни, юртимизни яшил маконга айлантиришга акс таъсирини кўрсатиши аниқ. Шундай экан “Яшил макон” лойиҳасини амалга оширишда кўчат  захираси ҳал қилувчи, энг муҳим омил эканлиги аён бўлмоқда.

___– Қиш келиб, ҳаво-ҳарорати совиши билан кўчатларни  захира қилишга киришдик, – дейди Беруний тумани ирригация бўлими раҳбари Жасур Ешанов. – Биламизки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси дорасида дарахт экиш ишлари баҳор фаслида ва келгуси мавсумларда ҳам давом қилади. Шу боис биз, манзарали дарахтларнинг қаламчаларини каналлар ва ички ариқлар бўйига орасини тиғиз қилиб кўп миқдорда экиб чиқдик. Ушбу қаламчалар тупроқни сувга қонган ва унумдор қисмига экилгани учун униб ривожланишига кафолат бор. Аминманки, қаламчалар ўсади ва илдиз отган манзарали кўчатларни бошқа ҳудудларга кўчириб ўтқазиш мумкин бўлади. Натижада келгуси мавсумларда манзарали кўчатларни ўзимизда етиштириш имкони яратилади.

___Айни кунларда Беруний тумани ирригация бўлими жамоаси ихчам иссиқхоналар ташкил қилиб, уларда кўчат захирасини жамлаш ишларига киришган. Иссиқхонага маҳаллий ўғит ва бошқа агротехник тадбирлар ёрдамида унумдор тупроқ ҳосил қилиниб, мевали ва манзарали дарахт қаламчалари экилмоқда. Куни кеча дастлабки иссиқхонага 3000 та тол, 1500 терак, 500 та жийда, 500 та узум дарахти қаламчалари экилди.

___Берунийлик сувчиларнинг кўчат захирасини яратиш усули Оролбўйидаги сув хўжалиги ташкилотларида оммалашмоқда. Ҳозирда Чимбой, Хўжайли, Қўнғирот туманлари ирригация бўлими, “Қизкеткен-Кегейли” ирригация тизими бошқармаси жамоалари ҳам шу усулда кўчат  захирасини тайёрлашга киришдилар.

 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби