
Ўтган 2020 йил бутун дунёда кечаётган пандемия, юртимизда юз берган табиий ва техноген офатлар сабабли халқимиз учун оғир ва соновлар йили бўлди. Шу жумладан, Амударё ҳавзасида жорий йил сув миқдорининг нисбатан кам бўлгани қорақалпоғистонлик сувчилар ва деҳқон-фермерларни яна бир бор синовдан ўтказди.
Олдинги йилларга нисбатан сув ресурслари ўртача 20 фоизга кам бўлишига қарамасдан, сувчиларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига истеъмолчиларга суғориш учун вегетация мавсумида Амударё ҳавзасидан 5,1 млрд.м³ сув етказиб берилди. Сув танқислигини юмшатиш мақсадида давлат ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 366 дона кичик қувватдаги кўчма насос агрегатлари олиб келинди. Бунинг натижасида сув таъминоти оғир бўлган 31,5 минг гектар майдонга керакли миқдор да сув етказиб берилди.
Мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни жорий қилган фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам назарда тутилган. 2020 йилда сув тежовчи технологияларни ўрнатган фермер хўжаликларига 1 млрд. 400 млн. сўм субсидиялар ажратилди.
2020 йилда 11 та насос ва 15 та электродвигателлар энергия тежамкор бўлган янгисига алмаштирилди. Шунингдек, энергия тежамкорликка катта эътибор қаратилиши туфайли жорий йилда сарфланган электр энергияси 125 млн. 943 минг кВт. соатни ташкил этди. Бу билан 2019 йилга нисбатан 3 млн. 840 минг кВт. соат (4 млрд. 639 млн сўмлик), электр энергияси тежалди.
Фермер хўжаликлари ва кластерлари томонидан «Жиззахпластмасса» заводи билан шартномалар тузилиб, 80 комплект эгилувчан қувурлар олиб келинди. Улар ёрдамида жами 3 минг 200 гектардаги қишлоқ хўжалиги экинлари суғорилди. Бу усулда ўқ-ариқларда йўқотилиши кутилган 4,9 млн. метр куб сув миқдорларидан самарали фойдаланишга эришилди.
Бугунги кунгача “Дўстлик”, “Анасой”, “Суенли”, “Паралель” ва “Тахиаташ ГРЭС” каналларининг сув олиш қисмларига “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилиб ишга туширилган.
2020 йилда Грант маблағлари ҳисобидан Кореянинг “КОИКА” компанияси томонидан “Қуваниш-жарма” каналига, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислар институти ҳамда Хитой халқ республикасининг Хинжианг экология ва география институти ҳамкорлигида тўрт ўринда, “Кегейли”, “Кўкўзак” каналларига, Амударё дарёсининг “Қизилжар” нуқтасига ва “ККС” коллекторига “Ақилли сув” қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилди ва ҳозирги кунда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
“Ақилли сув” қурилмалари ўрнатилгач сув хўжалиги иншоотларида реал вақт режимида сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш, туман чегарасида етказиб берилаётган сув ресурсларини онлайн кузатиб бориш ҳамда сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритишга эришилади. Сувни бошқариш жараёнларида инсон омилини камайтириш, сувнинг техник йўқолишларининг олдини олиш, сувдан белгиланган лимит асосида фойдаланиш ҳамда сувни оператив бошқариш имконияти яратилади.
Гидротехник иншоотларга рақамли технологиялар асосида замонавий қурилмалар ўрнатилгач, ҳудудлардаги сув хўжалиги ходимлари ҳам мазкур тизимни билишлари, янги технологиялардан самарали фойдалана олишлари зарур, албатта.
Шу боис 2020 йил октябрь ойида Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиалида сув ресурсларини бошқариш жараёнларига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича малака ошириш ўқув курслар ташкил қилинди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тизим ташкилотларидан 200 нафар тингловчи ўқитилиб, малака оширганлиги тўғрисида махсус сертификатга эга бўлишди.
2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа, Беруний ва Тўрткўл туманиларининг суғориладиган ерларида сув ресурслари бошқарувини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган «Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш» лойиҳаси доирасида 56.9 млн. долл. ўзлаштирилди. Ҳозирда лойиҳа доирасида 14 та қурилиш шартномаси имзоланган бўлиб, барчаси бўйича қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.
Эксплуатация харажатлари ҳисобидан 555,3 км узунликдаги магистрал ва хўжаликлараро каналларни тозаланди. 300 дона гидротехник иншоотлар ва 227 дона гидропостлар таъмирланди.
Капитал қўйилмалар ҳисобидан 64,5 км узунликда каналларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилди. Бу тадбирлар натижасида республикада 21,5 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда. Шунингдек, 26,6 км коллектор-дренаж тармоғида қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 1122,3 км узунликда мелиорация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди. Натижада 54,5 минг гектар ер майдонларининг мелиоратив аҳволи яхшиланиши эришилди.
2020 йил жами 11 минг 900 гектардан зиёд ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилди.
Сув хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларини тамомлаган 40 нафар битирувчи тизимга ишга олинди. Ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича “Манзилли режа”га асосан 280 нафардан зиёд ёшларга иш ўрни яратилди.
Ўтган 2020 йилда жисмоний ва юридик шахслардан вазирликка келиб тушган 31 та мурожаат ўрганилди. Шундан 12 таси (39%) қаноатлантирилди, 19 тасига (61%) ҳуқуқий тушунтириш берилди. Йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти томонидан ҳудудларда сайёр қабуллар ҳам ўтказилди. Сайёр қабуллар жараёнида асосан сув таъминоти бўйича мурожаатлар қилинди ва улар жойида ҳал қилишга эришилди.
Президентимизнинг ПҚ-4366-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорликда ишлашни ташкил қилиш мақсадида 2020 йилнинг февраль ойида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Матбуот хизмати фаолияти ташкил қилинди. Матбуот хизмати томонидан ўтган 10 ой давомида фақат вазирликнинг расмий сайти ва телеграм каналидан 200 дан материал ёритилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукуматининг ва бошқа расмий веб-сайтларда 60 дан ортиқ Сув хўжалиги фаолиятига оид материаллар ёритилди. Марказий ва маҳллий телеканалланинг информацион дастурларида 48 маротаба ва радио каналларда 70 дан ортиқ эшиттиришларда сув хўжалиги фаолияти ёритилди. Шунингдек, марказий ва маҳаллий телеканалларда 10 дан ортиқ алоҳида кўрсатувлар тайёрланиб, эфирга узатилди.
Шунингдек, ҳар чоракда вазир ва вазир ўринбосарлари матбуот ҳамда оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилиб борди. Унда соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳамда янги қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти жамоатчиликка кенг тушунтирилиб, ўзларининг муносабатларини билдириб бордилар.
Соҳада олиб борилаётган ишларни жамоатчиликка янада кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида ҳудудларда 4 та матбуот анжумани ва пресс-турлар ўтказилди.
2020 йил вегетация даври бошланган пайтда халқимиз, фермер-деҳқонларимиз бу йилги кутилаётган сув миқдорини сўраб, мурожаатлар қилган эди. Биз, бу борада қўшни давлатлар ва Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизматининг берган маълумотларини таҳлил қилиб, 2020 йилда кўп йилликка нисбатан 15-20 фоизга сув кам бўлиши ҳақидаги маълумотларни вазирликнинг расмий сайти ва бошқа марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилди.
Таъкидлаганимиздек, сув камлиги вегетация даврида фермер ва томорқа ер эгаларининг сув таъминоти юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали мурожаатлар билан чиқишига сабаб бўлди. Мазкур мурожаатлар зудлик билан вазирлик раҳбарияти ва туман ирригация бўлимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилиб, ҳудудларга сув етказишнинг барча чоралари кўриб борилди.
Ижтимоий тармоқлар орқали қилинган мурожаатлар орқали мавжуд камчиликларни имкон қадар ҳал қилиб бордик. 2020 йилда ҳудудлардан қилинган мурожаатларни таҳлил қилганимизда сув тақчиллиги билан бирга кўпчилиги, ички суғориш тармоқларида тозалаш-тиклаш ишларининг вақтида олиб борилмаганини кўрсатди. Ҳақиқатан ҳам суғориш тармоқларининг ушбу тизимида муаммо бор эди.
Президентимиз шу йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга ташрифи давомида барча соҳалар қатори сув хўжалиги соҳасидаги ишлар юзасидан ҳам танқидий фикрлар билдириб, ҳудудда сув хўжалигини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини берган эдилар. Сув хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимликлари ва бошқа масъул ташкилотлар билан биргаликда қарорга киритиладиган объектлар ўрганилди. Йирик магистрал каналлар ва мелиорация тармоқларидан тортиб энг қуйи тизим, фермерларнинг ички суғориш тармоқларигача таъмирлаш-тиклаш ишлари ва унинг молиявий манбалари қарор лойиҳасига киритилди.
Шунингдек, мавжуд сув манбаларидан самарали фойдаланиш ва экин майдонларининг шўрланиш даражасини камайтириш бўйича белгилаб берган вазифалари доирасида Қорақалпоғистонга 200 та лазер қурилмаларини олиб келиш белгиланган бўлса, ҳозиргача 100 га яқини олиб келинди ва бу ишлар уюшқоқлик билан давом қилмоқда. Шунингдек, барча туманларда икки маротаба вазирлик, сектор раҳбарлари ва олимлар иштирокида ер майдонларини лазер қурилмалари ёрдамида текислаш ва шўр ювишни ташкил этиш бўйича кўргазмали илмий-амалий семинарлар ўтказилди.
Ҳурматли Президентимизнинг соҳага бўлган эътибори ва бевосита қўллаб-қувватлашлари натижасида 2020 йилда сув хўжалигига доир 1 та Фармон ва 3 та қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 14 та қарори қабул қилинди. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 июлдаги ПФ-6024-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси қабул қилиниши, шубҳасиз, кейинги ўн йилликда сув хўжалиги истиқболини белгилаб берувчи тарихий ҳужжат бўлди. Концепциянинг устувор йўналишлари ва тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлари ва кўрсаткичларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш якунланаяпти.
Айниқса, Президентимиз томонидан 2020 йил 5 декабрда имзоланган “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилингани Қорақалпоғистон Республикасида сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қаратилган катта эътибор ва 2020 йилнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди.
Мазкур қарор доирасида 2021 йилда 9 минг 423 гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилишни режалаштирилган эди.
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида – қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сувни тежайдиган ва биотехнологияларни, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этишимиз лозим, – дея алоҳида таъкидладилар.
Биз, Давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифалардан келиб чиқиб, 2021 йилнинг ўзида 24 минг гектарда cув тежовчи технологияларни жорий қилишни режалаштириб олдик. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги 2020 йил сарҳисобини қилиб, янги 2021 йилга белгиланган вазифаларни тўлиқ бажариш учун бор куч-ғайрати, билим салоҳиятини сафарбар қиладилар.
Ж.УЗАҚОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири