Қўнғирот тумани: СУВ РЕСУРСЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ БЎЙИЧА СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

      Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғиндаги сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини сув истеъмолчиларига тушунтириш юзасидан Қўнғирот тумани ҳокимлиги фаоллар залида навбатдаги ўқув-амалий семинар ўтказилди.

      Семинарда Қўнғирот тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари М.Тажибаев, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг масъул ходими Нодир Хужайбердиев, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси Абу Қидирбаевлар мазкур қарор асосидан сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича жорий қилинаётган ўзгаришлар ҳақида сув истеъмолчиларига тушунтириб ўтдилар.  

      Шунингдек, мазкур ҳужжат билан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича кредитлар ажратиш тизимига киритилган ўзгартишлар ҳақида фермерларга кенг турда маълумот беришди. Жумладан, янги онлайн “Suvkredit.uz» платформаси ҳамда қорақалпоғистонлик фермерларга сув тежовчи технологияни жорий қилишдаги яратилаётган имкониятларга тўхталиб ўтдилар.

      Тадбирда шўр ювиш тадбирини белгиланган муддатларда ва сифатли ўтказиш учун амалга ошириладиган тадбирлар бўйича сув истеъмолчиларига топшириқлар берилди.

      Маълумки, яқинда сувчи аёллар ўртасида танлов ўтказилиб, унда Қўнғирот туманидаги  сув хўжалиги ташкилотининг гидрометри Гулнур Алимбетова ғолибликни қўлга киритган эди. Семинар якунида Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари томонидан Гулнур Алимбетова танлов ташкилотчиларининг совғаси топширилди.

     Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати