ЁМҒИРЛАТИБ СУҒОРИШ УСКУНАЛАРИНИ ЎРНАТИШДА

сервис гуруҳлари кўмаги қўл келмоқда

___Республикамизда Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ишлари изчил олиб борилмоқда.

___Амударё туманида 2022 йил ҳосили учун  жами 2630 гектар майдонда тежамкор технологиялар ўрнатилиши назарда тутилган. Шундан 2 минг 340 гектар майдондаги пахта ва боғдорчиликда томчилатиб суғориш, 250 гектар ёмғирлатиб суғориш, 40 гектар дискретли суғориш ҳамда 2 минг 500 гектар ер майдонларни  лазерли ускунаси ёрдамида текислаш белгиланган.

          -Туманимизда фермер ва кластерлар майдонларида 4 хилдаги сув тежовчи технологияларни жорий этиш белгиланган бўлса, уларнинг гектари ва тежамкор технологиянинг тури кўрсатилган ҳолда манзилли рўйхати шакллантирилди, – дейди Амударё тумани ирригация бўлими раҳбари Юлдашев Эргаш. ___–      Шу кунгача 108 та фермер хўжалиги 1106 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологияларни жорий қилиш бўйича пудрат ташкилотлари билан жами қиймати  27,65 млрд. сўмлик  шартномалар тузилди.         Шундан 57 та фермер хўжалиги томонидан 596 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун 14,9 млрд. сўм кредит олиш ҳужжатлари расмийлаштирилди.

___Ғаллачилик кластерларининг майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини ўрнатиш, монтажлаш ишларида Сув хўжалиги вазирлигининг тизим ташкилотларида ташкил этилган сервис гуруҳлари хизматларидан самарали фойдаланилмоқда. Куни кеча “Qipchoq g‘alla klaster” МЧЖ 5 гектар ғалла майдонларида тумандаги ирригация ва мелиорация бўлимлари, Насос станциялари ва энергетика бошқармасининг ҳудудий участкаларидан 55 нафар ишчи-ходимлар ёмғирлатиб суғориш технологиясини монтаж қилиш ишларига кўмаклашди. Кластер ва фермерлар майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларни тезкор ўрнатишда сув хўжалиги ташкилотларида ташкил этилган сервис гуруҳлари кўмагидан фойдаланиш қўл келмоқда.

___Маълумот учун: Мазкур туманда айни вақтгача 4 та фермер хўжалигининг 40 гектар ғалла майдонида ҳамда “AmuRichHarvest” МЧЖ ғаллачилик кластерининг 35 гектар,  “Qipchoq g‘alla klaster” МЧЖ 25 гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологияси қурилиб ишга туширилган. Бундан ташқари 6 та фермер хўжалиги ва 2 та ғаллачилик кластери томонидан 145 гектар ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларни жорий қилиш бўйича пудрат ташкилотлари билан шартномалар тузилиб, 6 та фермер хўжалигига 65 гектар ғалла майдонлари учун кредит маблағлари ажратилган.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби