Т А В С И Я Л А Р
___“Ўзгидромет” марказининг маълумотларига кўра, Республикамизнинг барча ҳудудларида Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши муносабати билан ҳаво ҳарорати Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Навои, Жиззах вилоятларида 44-47 даража (9-12 кун), Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган, Тошкент, Сирдарё вилоятларида 42-44 даража (5-7 кун), Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятларида 40-42 даражагача
(4-5 кун) кўтарилиши кутилмоқда.

___Бундай аноминал ҳаво ҳарорати шароитида деҳқонлар, фермер хўжалиги раҳбарлари, механизатор ва ишчилар, кластерлар ва соҳа мутахассислари, олимлари асосий эътиборни қишлоқ хўжалиги экинларини талофат кўрмаслигига ва яратилган ҳосилни сақлаб қолишга қаратишлари лозим.
___Чунки, ҳар қандай ўсимлик, хусусан ғўза табиий равишда ўзини ҳимоялаш ва танасини совитиш учун ҳаракат қилади ва баргдаги устицалар асосан ёпиқ ҳолда бўлиб, танасидан кўпроқ сув парлатиш ҳисобига совитиш билан чекланади.
___Натижада,фотосинтез жараёни кескин сусайиб, унинг маҳсулдорлиги камаяди ва моддалар алмашинишига салбий таъсир кўрсатиши оқибатида тўпланган ҳосилнинг бир қисми тўкилади.
___Иссиқ ҳароратининг бундай салбий оқибатларини олдини олиш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш талаб этилади:
___3 июлдан бошлаб пахта ва такрорий экинларни парваришлаш бўйича 15 кунлик “фавқулотда ҳолат” эълон қилинади.
___Бу давр ичида туманларнинг барча секторлари ўзларининг ҳудудларида соҳа мутахассислари, тажрибали деҳқонлар ва масъул бўлган тизим ташкилотлари ходимларидан иборат штаблар ташкил этади. Ушбу штабларда туну-кун навбатчилик йўлга қуйилади.
___Фермер хўжаликлари раҳбарлари, механизаторлар, ишчи ва сувчилар тўлиқ далага кўчиб чиқади.
___Штаблар ўзларининг ҳудудларида ҳар бир кластер ва фермер хўжалиги бўйича кунлик маълумотлар юритишни йўлга қўяди.
___Ҳудудлардаги чорвачилик, паррандачилик ва қўйчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида тўпланган маҳаллий ўғитлар бепул суғорилаётган дала майдонларига олиб чиқилади.
___Жойларда ташкил этилган сув штабларида мавжуд сувдан самарали фойдаланишни ташкил этишда сувни навбатлаш тизими қатъий равишда жорий этилади.
___Сувни фақат сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизим ташкилотларида ташкил этилган сув штаблари бошқаради.
___Сув олдиндан режалаштирилган ва тасдиқланган графиклар асосида такрорий экинлар ва ғўзага навбатлаб етказилишига сув штаблари шахсан жавобгар.
___Уларнинг фаолияти Агроинспекция ва бош прокуратура томонидан назорат қилиб борилади.
___Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувчилар сонини камида 2-3 мартага ошириш, уларга далада барча шароитларни яратиш ва тунги суғоришга алоҳида эътибор бериш талаб этилади.
___Суғорилаётган ҳар бир майдон албатта шарбат усулида суғорилиши, суғоришни қисқа ўқариқлардан фойдаланган ҳолда ҳамда мавжуд эгилувчан қувурлар орқали амалга ошириш шарт.
___Хусусан, ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини кам сув билан, эгатларда сувни кўллатмасдан, имкон қадар тактли усул билан суғориш керак. Бунда сувни зовурга ташлаш хиёнат деб қараш лозим.
___Тунги суғориш ишларини ташкил қилиш ва назоратини йўлга қўйиш учун ҳар бир секторда сектор раҳбари бошчилигида тунги суғоришни назорат қилиш гуруҳлари ташкил этилиши ва ҳар куни суғоришни таҳлил қилиб бориш тизими жорий этилади.
___Насослар ва тик қудуқлар ёрдамида суғориладиган майдонларга сувни узлуксиз таъминлаш мақсадида электртаъминоти корхоналари ходимларини тўлиқ жалб қилиш.
___Ер ости ёки зовурлар сувидан фойдаланишни ташкил этиш мақсадида қўшимча равишда сув насосларини ўрнатиш ва уларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш.
___Микроклимат ҳосил қилиш ва зараркунандалар кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида имкон қадар дала атрофларига сув сепиш учун барча машина ва агрегатлар жалб этилади.
Ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий этилган ғалла майдонларда экилган такрорий экинларни ушбу сув тежовчи ускуналарни қўллаб суғоришни ташкил этиш керак.
___Ушбу тадбирларни амалга оширишда жойларда туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, ҳокимларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги бўлимлари бошлиқлари, кластерлар раҳбарлари ва агрономлари, СИУ раҳбарлари, сув хўжалиги тизим ташкилотлари, агроинспекция ходимлари шахсан масъул ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги