СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШДА

___аёл фермерлар фаоллик кўрсатишлари зарур

Чимбой тумани “Тазғара” ОФЙ ҳудудидаги “Райма” фермер хўжалиги даласида  сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва бу борада қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ирригация тизимидаги махсус хизмат фаолиятини такомиллаштириш юзасидан кўргазмали семинар ўтказилди.

___ Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, туман ирригация бўлими масъуллари, фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок қилди.

___ Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-107-сонли қарори, 2022 йил 1 мартдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 апрелдаги 196-сонли қарорларининг мазмун моҳияти кенг тушунтирилди. Шунингдек, масъуллар ушбу қарорлар талабларини бажаришда йўл қўйилаётган хато камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.

___ Ушбу масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси  А.Қидирбаев сўзга чиқиб, сув тежовчи технологияларни жорий қилганларга субсидиялар ажратилиши бўйича кенг тушунтирдилар. Айни кунларда 2022 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилган ҳамда субсидия маблағларининг 50 фоизини олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига мазкур технологияларни ишлатилишига қараб белгиланган субсидия миқдорининг қолган 50 фоизи туман ишчи гуруҳи хулосаси асосида ажратилиши айтиб ўтилди.

___ Шунингдек семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг  Мурожаатлар билан ишлаш ва ижрои нтизоми шуъбаси бошлиғи С.Худайбергенова сўз олиб, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишларига фермер аёлларни ҳам кенгроқ жалб қилиш зарурлигини таъкидлади. Негаки, аёл фермерлар учун сув тежовчи технологияларни жорий қилганликлари учун алоҳида  танловлар, грант лойиҳалари бор. Аёл фермерларимиз ана шу лойиҳаларда иштирок қилсалар давлат томонидан ажратилган субсидияларга қўшимча сув тежовчи технологияларга сарфланган харажатларни қоплаш учун қўшимча имкониятларга эга бўлишлари мумкин. Бунинг учун эса сув тежовчи технологияларни жорий қилишда аёл фермерлар фаоллик кўрсатишлари зарур, албатта.

___ Тадбир иштирокчилари тумандаги “Райма” фермер хўжалиги даласида томчилатиб суғориш жорий қилинган майдонларини бориб кўрди. Фермерларга ушбу янги суғориш технологиясининг афзалликлари тушунтирилди.

___ Семинарда муҳокама этилган масалалар юзасидан ҳудудий сув хўжалиги масъуллари ва бўлим раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати