Қутлуғ 60 ёшингиз муборак бўлсин!

      Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Сув хужалиги вазирлиги ҳузуридаги «Қуўаныш жарма» ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Реймов Хамид Жолдасбаевич қутлуғ 60 ёшга тўлди. Республикамиздаги барча сув хўжалиги ходимлари номидан юбилярни самимий қутлаймиз.

      Х.Реймов 1963 йилнинг 7 октябрь санасида туғилган бўлиб, 1988 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтини тамомлади ва олий маълумотли муҳандис-гидротехник мутахасислигига эга бўлди.

      Меҳнат фаолиятини 1988 йил Қораўзак тумани ишлаб чиқариш, таъмирлаш бошқармаси муҳандис-гидрометри, таъмирлаш ва ишлаб чиқариш  бўлими бош муҳандиси лавозимларида ишлашдан бошлаган. Шундан сўнг тумандаги бир қатор идораларда, шу жумладан, сув хўжалиги ташкилотларида масъул лавозимларда фаолиятини давом қилдирди. Жумладан, Қораўзак тумани  Сув хўжалиги бошқармасида “Есим канали” 1-тоифали муҳандис-гидрометри, мазкур бошқармада Иқтисодий таҳлил бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғининг ўринбосари, Қораўзак тумани  8-қурилиш бошқармаси бошлиғи, «Қораўзак сув қурилиши» очиқ ҳиссадорлик жамияти бошлиғи, “Рейм-қурилиш” масъуляти чекланган жамияти раиси, Қуйи Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги “Қуўаныш жарма” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи лавозимларида самарали меҳнат қилди. 

      Хамид Реймов ҳозирги кундаги Бошқарма раҳбари сифатида Кегейли, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпир туманларига сув еказиш, ирригация тармоқларини реконструкция қилиш ва ҳудуддаги ирригация соҳасида амалга ошириладиган тадбирларнинг ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. У 35 йиллик фаолияти давомида кўплаб ёшларни сув хўжалиги соҳасини ўргатди. Бугунги кунда Х.Реймовнинг ўнлаб шогирдлари туман ҳокими ўринбосари, вазир ўринбосари ва  ирригация бўлимларида масъул лавозимларда фаолият кўрсатмоқда.

      Тажрибали сувчи, намунали раҳбар Хамид Реймовнинг сув хўжалиги соҳасида қилган меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан ҳам эътироф қилиниб келинмоқда. Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, Хамид Реймов «Содиқ хизматлари учун» медали билан мукофотланган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига кўра,  “WATAN PIDAYISI” кўкрак нишони ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Ҳурматли Хамид Жолдасбаевич!

      Биз, Сизнинг сув хўжалиги соҳаси ривожига қўшаётган ҳиссангизни, айниқса, ўзингиз раҳбарлик қилаётган Бошқармада сув хўжалиги соҳаси бўйича ёш кадрларни етиштириб чиқариш бўйича ўзига хос мактаб яратилганини биламиз ва бу ишингизни алоҳида қадрлаймиз!  

      Сизни бугунги 60 ёшингиз билан яна бир бор самимий қутлаб, Сизга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик ва юритимиз ривожи ва соҳа тараққиёти йўлида қилаётган ишларингизга муваффақиятлар тилаймиз!

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги жамоаси