
Қорақалпоғистон Республикасида ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чоралар кўрилаяпти. Охирги йилларда 47 минг гектардан ортиқ ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 11 минг 200 гектарга камайди, 140 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолатини барқарор сақлашга эришилди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикасида 44 минг 900 гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти паст даражада, 95 минг 200 гектар суғориладиган майдонлар ўртача ва кучли шўрланган, мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги эса пастлигича қолмоқда.
Жорий йил 5 декабрь куни Президентимизнинг “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан:
37 та лойиҳа доирасида 359,2 км канал, 11 та гидротехника иншооти ва 2 та насос станцияси қурилади ва реконструкция қилинади;
31 та лойиҳа доирасида 344,1 км коллектор-дренаж тармоқлари қурилади ва реконструкция қилинади;
49 та лойиҳа доирасида 3 минг 274 км коллектор-дренаж тармоқлари тизимли таъмирланади ва тикланади.
2 минг 246 км ирригация тизими каналлари, 3 минг 803 та гидротехника иншооти ҳамда 509 дона насос станциялари таъмирланади ва тикланади.
14 минг 201 км суғориш тармоқлари, 16 минг 466 та гидротехника иншооти ҳамда 614 дона насос станцияси таъмирланади ва тикланади.
Қорақалпоғистон Республикасида 514 минг гектар суғориладиган майдон мавжуд бўлиб, ҳар 1 гектари учун йиллик ўртача сув сарфи 10 минг 200 куб метрни ташкил қилмоқда, суғориладиган майдонларнинг 0,1 фоизида (541 гектар) томчилатиб суғориш жорий қилинган.
Қарор доирасида 41 минг 900 гектар майдонни илғор суғориш усулларига ўтказиш белгиланган, шундан 32 минг 300 гектари томчилатиб суғориш, 850 гектари ёмғирлатиб суғориш, 1 минг 250 гектари дискрет суғориш ҳамда 7,5 минг гектари кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғоришга ўтказилади.
Шунингдек, 2 минг 75 та сув хўжалиги объектини рақамлаштириш режалаштирилган. Рақамли технологиялар 37 та вилоятлараро, 180 та туманлараро, 1 минг 85 та туманлар ирригация тизимларидаги гидротехника иншоотларида, 273 та насос станциясидаги 409 та насос агрегатларида ва 364 та мелиоратив назорат қудуқларида ўрнатилади.
Қарорда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш орқали қуйидаги натижаларга эришилади:
2021 йилда 23 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади, 366 млн 600 минг куб метр сув миқдори ҳамда 2 млн 800 минг кВт электр энергияси тежалади, 1 млрд 300 млн сўм сувни етказиб бериш харажатлари иқтисод қилинади;
2022 йилда қўшимча 29 минг 800 гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади, 389 млн 200 минг куб метр сув ҳамда 3 млн 100 минг кВт электр энергияси тежалади, 1 млрд 400 млн сўм сув етказиб бериш харажатлари иқтисод қилинади;
2023 йилдан бошлаб қўшимча 37 минг 300 гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади, 409 млн 200 минг куб метр сув миқдори ҳамда 3 млн 400 минг кВт электр энергияси тежалади, 1,5 млрд сўм сув етказиб бериш харажатлари иқтисод қилинади;
каналлар ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 56 дан 65 гача ошади;
19 минг 400 гектар кучли ва ўртача шўрланган ерлар тегишинча кам шўрланган ва ўртача шўрланган ерлар тоифасига ўтказилади;
96,5 минг гектар ерларнинг мелиоратив ҳолатини барқарор ушлашга эришилади.
|
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати |