Ёмғирлатиб суғориш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди

___Тахиатош туманида ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича кўргазмали  семинар бўлиб ўтди.

___Тадбирда  Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Ш.Рахимов,  Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р.Қаршиев, туман ҳокими И.Маткаримов  ва қишлоқ ва сув хўжалигининг ҳудудий бўлимлар раҳбарлари, сектор раҳбарлари, кластер ва фермер хўжалиги раҳбарлари ва қурувчи ташкилотлар вакиллари қатнашдилар.

___-Жорий йилда туманимизда 735 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш режалаштирилган,  – дейди Тахиатош тумани ирригация бўлими раҳбари Адил Назаров. – Шундан  500 гектар пахта майдони, 15 гектар боғ ва 20 гектар токзорларда томчилатиб суғориш жорий этилади. 2022 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида бизни ҳудуда олдин қўлланилмаган яна бир тежамкор усул, яъни, ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилмоқда.  Бу борада 200 гектар режа белгиланиб, айни вақтда қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Айтганимдек, мазкур технология янги бўлгани боис сув хўжалиги вазирлиги масъуллари ва соҳа мутахассислари иштирокида ўтказилаётган кўргазмали семинарларда фермерлар, шу жумладан ҳудуддаги сувчилар ҳам билимларини оширмоқда.

___Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р.Қаршиев сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, хусусан, ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш борасида айни кунларда амалга ошириладиган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

___Тадбир доирасида туман биолабараторияларнинг мавсумга таёргарлик ишлари ҳам муҳокама этилди. Шунингдек, масъуллар томонидан белгиланган вазифаларни амалга оширишда юзага келаётган муаммолар юзасидан кластер ва фермер хўжалиги раҳбарларининг мурожаатлари ва таклифлари тингланди. Бу борада амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги

Матбуот хизмати