Нукус тумани: ЕР ОСТИ СИЗОТ СУВЛАРИ МЕЪЁР ДАРАЖАСИГА ТУШИРИЛАДИ

    Нукус туманидаги “КС-1-4” коллектори 1980 йилда ишга туширилган. Коллекторнинг умумий узунлиги 31,3 километр бўлиб, лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 4,5 метр кубни ташкил этган.

    Кейинги йилларда коллекторнинг айрим жойларида ён қияликлари ўпирилиб, жарликлар пайда бўлган ва сув йўлини тўсилишига, қамиш ва бошқа ўтларнинг ўсиши коллекторнинг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсата бошлаган. Бу эса, зах сувларининг меъёр даражасида оқиб чиқиб кетишига тўсқинлик  қилиб, ҳудуддаги ер майдонларининг мелиоратив ҳолати ёмонлашишига, фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқа майдонларининг ҳосилдорлиги пасайишига сабаб бўлаётган эди.

    Ҳукуматимизнинг тегишли қарор ва дастурлари асосида Нукус туманидаги “КС-1-4” хўжаликлараро коллекторининг ПК-26 дан ПК-126 гача қисмини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.  

Бугун, яъни 8 май куни Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳафталик режа графикда белгиланган вазифалар доирасида сув хўжалиги объектларида қурилиш ва реконструкция ишларини муҳокама этиш ҳамда келгуси вазифаларни белгилаб олиш юзасидан Нукус туманидаги “КС-1-4”  хўжаликлараро коллекторининг реконструкция қилиш ишлари масъуллар томонидан ўрганилди.

    Ўрганиш давомида  маълумот берилишича, 2024 йил давомида “КС-1-4” хўжаликлараро коллекторининг 13,2 километр қисмида реконструкция  ишлари белгиланган. Бугунги кунгача объектнинг 13,2 километр қисмида қазиш ишлари бажарилиб, ҳозирда 3 дона гидротехник иншоотларни янгидан қуриш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга реконструкция лойиҳасида белгиланган ер ости сизот сувлари сатҳи ва уларнинг минераллашганлик кўрсаткичларини назорат қилиш имконини берувчи “Дайвер” қурилмалари  ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Айни вақтда мазкур объектда жами 7 дона махсус техникалар ҳамда 12 нафар ишчи-ходимлар иш олиб бормоқда.

    Ўрганиш давомида «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси маъсуллари томонидан пудратчи ташкилот “Тўрткўлли Нураддин Экскаваторчи” МЧЖ маъсули ва ишчи ходимларига реконструкция қилиш лойиҳасидаги барча ишларни белгиланган муддатда ва сифатли бажариш юзасидан топшириқлар берилди. 

    Маълумот учун: “КС-1-4” хўжаликлараро коллекторида реконструкция ишлари амалга оширилганидан сўнг ҳудуддаги 3080 гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, 1670 гектар майдонларнинг ер ости сизот сувлари меъёр даражасига туширилади. Фермер хўжаликлари томонидан агротехник тадбирларнинг бажарилиши билан биргаликда қишлоқ хўжалик экинларидан олинадиган ҳосилдорликнинг ошишига замин яратилади.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати