Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган режага кўра, бугун насос станцияларида электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва иқтисод қилиш ва насос станциялар агрегатларини таъмирлаш масалалари масъуллар иштирокида муҳокама этилиб, жойларда амалий семинарлар ўтказилиши белгиланган.

Шунга кўра бугун, 9 февраль куни Қораўзак туманида жойлашган “Берекетли макан” насос станциясида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси О.Палуанов, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси масъуллари ҳамда бошқарманинг Тахтакўпир-Қораўзак бўлимига қарашли насос станциялари бошлиқлари ва ишчи-ходимлари иштирокида семинар ўтказилди.
Семинар аввалида Бошқарма Энергетика бўлими бошлиғи Ж.Толеубаев Тахтакўпир туманида жойлашган насос станцияларида электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва иқтисод қилиш тадбирлари бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди. Таъкидланганидек, ҳозирги кунгача 5 дона янги насос, 8 дона электродвигател, 21 дона конденсатор, 1 дона қуёш батереяси ва 60 дона светодиод лампалари ўрнатилган. Натижада 1 280 минг кВт электр энергияси иқтисод қилинишига эришилган. Шунингдек, 2024 йилда Бошқарма томанидан 7 дона янги насос, 6 дона электродвигател, 20 дона конденсатор, 1 дона частота ўзгартирувчи қурилма, 2 дона қуёш батереяси ва 130 дона светодиод лампаларини ўрнатиш режалаштирилган. мазкур режа ижросини таъминлаш натижасида 1 052 минг кВт электр энергияси иқтисод қилиш назарда тутилган.

Семинар иштирокчилари тумандаги насос агрегатларининг суғориш мавсумига тайёрлигини ўрганишди. Тахтакўпир-Қораўзак бўлимида жойлашган 18 та насос агрегатлари таъмирлаш белгиланиб, ҳозиргача 17 та насос агрегатлари тўлиқ таъмирланганлиги айтиб ўтилди. Масъуллар томонидан насос агрегатларини таъмирлаш ва суғориш мавсумига тайёр ҳолга келтириш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати