Олимлар сув тежовчи технологиялар бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги  Фармонда сув хўжалиги соҳасидаги долзарб муаммолар ечимига қаратилган илм-фан ютуқлари, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини амалиётга кенг жорий этиш борасида бир қатор вазифалар белгиланган.

Бу борада берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида сув хўжалиги тизим ташкилотлари ва илмий тадқиқот институтлари ўртасида интеграцияни кучайтиришга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида жойлашган “Сувчилар мактаби”нинг тажриба майдонида фермерлар, тадқиқотчи докторантлар иштирокида илмий-амалий семинар ўтказдилар.

Семинарда  Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг лаборатория мудири, катта илмий ходим Г.Палуашова, институтнинг Қорақалпоғистон минтақавий маркази директори С.Курбанбаев, докторантлар У.Кдирбаев, Ш.Нурекешов, И.Мадиёровлар иштирок қилиб, ушбу майдонда амалга оширилаётган амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар бўйича тақдимотлар қилишди.

Семинарда сув танқислигини юмшатиш, ирригация тармоқларида бўлаётган сув исрофгарчиликларини камайтириш, сув тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш, жумладан томчилатиб ва дискрет суғориш ҳамда сув хўжалиги соҳасидаги муаммоларга илмий ечим топиш бўйича  Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг катта илмий ҳодими Г.Палуашова ва институтнинг Қорақалпоғистон минтақавий маркази директори С.Курбанбаевлар томонидан тегишли илмий асосланган таклиф ва тавсиялар берилди.

Семинар иштирокчилари сув тежовчи технологиялар, жумладан томчилатиб суғориш технологияси, дискрет суғориш ҳамда докторантлар билан биргаликда ғўза майдонларига лойиҳа асосида бажарилган қурилиш монтаж ишлари, ғўзани томчилатиб ва дискрет суғориш муддати ва меъёрлари, суғориш давомийлиги бўйича олиб борилган барча агротехник тадбирлар жойига чиқиб ўрганилди.

 Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати