Нукус тумани: «БЎЗАТОВ» КАНАЛИНИНГ РЕКОНСТРУКЦИЯ ИШЛАРИ БОШЛАНДИ

        Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасидаги сув хўжалиги ташкилотлари ҳамда объектларида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири томонидан 2022 йил 5 декабрда тасдиқланган режа кўрсаткичларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича ҳафталик график асосида семинарлар ўтказилмоқда.

        Ҳафтанинг чоршанба кунида ўтказилиши  белгиланган вазифалар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Буюртмачи «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» ДМ вакиллари иштирокида 2024 йил давлат дастурига киритилган ирригация-мелиорация тадбирлари доирасида қуриш ва реконструкция қилиш ишларининг бориши муҳокама этилди.

        Тадбир иштирокчилари Нукус туманида реконструкция ишлари бошланаётган “Бўзатов” каналини бориб кўриб, объект бошида кўргазмали семинар доирасида амалга ошириладиган тадбирларни белгилаб олдилар.

        Тадбирда таъкидланганидек, Нукус туманидаги “Бўзатов” магистрал канали 1986 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, умумий узунлиги 46,7 километрни ташкил қилади. Каналнинг лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 52,2 метр кубни ташкил қилган. Лекин, кейинги йилларда канал лойқа билан кўмилиб натижасида сув ўтказиш даражаси секундига 26 метр кубга тушиб, туб қисми 1,8-2,2 метргача лойқа билан кўмилиб қолган эди.

        Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги тегишли қарори асосида республикамиздаги бир қатор ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ҳам белгиланган. Шу жумладан, 2024 йилда Нукус туманидаги “Бўзатов” каналинининг 18,6 километр қисмида (1-босқич) реконструкция ишларини олиб бориш назарда тутилган.

        Семинарда, «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» ДМ лойиҳаларни бошқариш ва қурилишни техник кузатиш бўлими бошлиғи Е.Бекниязов сўз олиб, бугунги кунда «Бўзатов» каналида реконструкция ишлари бошлаб юборилганини, ҳозирда 700 метр қисмида тупроқ ишлари бажарилиб, бу борадаги вазифаларни жадаллаштириш чоралари кўрилишини таъкидлаб ўтди. Семинарда объектга бириктирилган техник назоратчи А.Жуманов, пудратчи ташкилот “Бунёдкор мерос” МЧЖ раҳбари С.Абдурамановларга белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш ва етарли миқдорда махсус техника ва ишчи кучларини жалб қилиш юзасидан топшириқлар берилди.

 

        Мазкур каналда реконструкция ишлари олиб борилиши натижасида сув ўтказиш қобилияти яхшиланиб, каналнинг фойдали иш коэффиценти 82 фоизга кўтариш ва ҳудуддаги 1300 гектар ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланишига эришилади.

        Маълумот учун: Ҳозирки кунда ушбу объектда 8 дона экскаватор, 4 дона бульдозер, 5 дона автосамосвал, 1 дона погрузчик ва 2 дона  каток каби жами 20 та махсус техникалар ҳамда 28 нафар ишчи-ходимлар реконструкция ишларига жалб этилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати