Томчилатиб суғориш бўйича вазифалар белгиланди

___Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини ўрганиш ва белгиланган тадбирларни жойларда амалга оширишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳ Қорақалпоғистонда бўлди.

___Ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир туманда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш режалаштирилган майдонларни амалга оширилган ишлар ва камчиликларни чуқур  ўргандилар.

___Хўжайли туманида ишчи гуруҳ ўрганиш натижаларини таҳлил қилиш ва камчиликларни зудлик билан бартараф қилиш юзасидан  йиғилиш ўтказилди.

 

___Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р.Қаршиев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари С.Хожаметов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ўринбосари Қ.Бекмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ж.Узақов, туман ирригация бўлимлари, банк, кластер, қурувчи ташкилот раҳбарлари иштирок қилди.

___Тадбирда ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликларни бартарафи қилиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Хусусан, сув тежамкор технологиялар жорий қилиниши режалаштирилган майдонларга кредит маблағлари ажратилиши, яъни молиялаштириш ишлари, қурувчи пудрат корхоналари томонидан қурилиш ишларининг олиб борилиши ҳамда белгиланган ҳудудларга электр таъминоти етказилиш масалалари чуқур таҳлил қилинди.

___– Бизда асосан белгиланган майдонларга электр линияларини тортиш ишлари орқада қолаётгани танқид қилинди, – дейди Хўжайли тумани ирригация бўлими бошлиғи А.Низаматдинов. – Туманимизда жами 1 386 гектар томчилатиб суғориш технологиясини, жумладан, 1290 гектар пахта, 50 гектар боғ, 20 гектар токзорларда ва 26 гектар бошқа қишлоқ хўжалик экин майдонларида жорий қилиш режалаштирилган.

___Томчилатиб суғориш жорий қилиш режалаштирлган 100 гектарга яқин майдон электр таъминоти билан таъминланган. Лекин, ҳақиқатан ҳам асосий майдонларга устунлар ўрнатилган бўлсада, ҳали трансформатор, ҳаво линиялари билан таъминланмаган эди. Бугун бу борада туман ҳокимлиги ва бу ишга кўмаклашувчи ташкилотлар билан келишиб олдик. Бир ҳафта муддатда камчиликлар бартараф қилинади.

___Йиғилишда барча туманларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, режадан орқада қолаётган ишларга танқидий баҳо берилди.  Барча масъуллар, қурувчи ташкилотлар вакилларига томчилатиб суғориш бўйича зиммасидаги вазифалар ва бажариладиган муддатлари  белгиланди.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби.