Тахтакўпир туманидаги аҳоли томорқа майдонларини сув билан таъминлаш мақсадида кўча бўйидаги йўл бўйлаб темир бетон лотоклар ўрнатилмоқда.

Тахтакўпир туманидаги автомобил йўлларини реконструкция қилиш вақтида йўлни кенгайтириш ҳисобига олдинги аҳоли томорқа майдонларига сув етказиб турган ариқлар кўмилиб кетган.
Ёз мавсумида фуқаролар томонидан ичимлик сувини томорқага ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари мазкур мавсумда ичимлик сувни ҳам четки ҳудудларга етказишда узилишларга ва муаммолар юзага кела бошлаган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида кенг кўламли ишлар доирасида Тахтакўпир туманидаги мазкур муаммони бартараф қилиш юзасидан ҳам вазифалар белгиланди. Унга кўра “Даўир”, “Айдын жол”, “Ғарезсизлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда “Тахтакўпир” шаҳар фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли томорқа майдонларини сув билан таъминлаш мақсадида 10 километр темир бетон лоток ҳамда 16 дона электронасос ва 2 дона трансформатор ўрнатиш ишлари белгиланди.
Ҳозирги кунда пудратчи ташкилот “Нақл махсус қурувчи” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
-Тахтакўпир тумани марказидаги “Дўстлик гузари” кўчасининг ҳар тарафига 5 километрдан жами 10 километр темир бетон лоток ўрнатиш белгиланган, – дейди “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест” давлат муассасаси етакчи мутахассиси Азат Қутлимуратов. – Қурилиш ишлари якунига етказилгач ҳудудларидаги жами 3 мингдан ортиқ хонадоннинг 451 гектар томорқа ер майдонлари ва туман марказидаги 24,6 гектар кўкаламзорлаштириладиган ер майдонлари сув билан таъминланади.
Масъулларнинг маълумот беришича, темир бетон лоток ариқларига каналлардан сув чиқариш учун 16 дона электронасос агрегатларини ҳамда 2 дона трансформатор ўрнатилади.
Маълумот учун: Бугунги кунда 1,5 километр темир бетон лотоклар ўрнатиш ишлари амалга оширилди. Объектда жами 7 дона махсус техникалар ҳамда 18 нафар ишчи-ходимлар иш олиб бормоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати