Вазир бетонлаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқ берди

    Бугун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Қўнғирот туманида бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

   Вазир дастлаб Президентимизнинг тегишли қарори асосида реконструкция қилинаётган “Жинишке” каналининг бетонланаётган қисмини бориб кўрди.

   Қўнғирот тумани марказидан оқиб ўтувчи  “Жинишке” каналининг 2,5 километр қисмида бетонлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган. Бугунги кунда “Жанубий Бунёдкор Жанубий” МЧЖ қурилиш ташкилоти томонидан бетонлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур каналда реконструкция ишлари якунлангач, туман марказидаги маҳаллалар ҳамда “Ўрнек” ва “Адабиёт” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг сув таъминоти яхшиланади.

   Сув хўжалиги вазири қурувчи ташкилот масъулларига қўшимча техника ва ишчи кучи жалб этиб, бетонлаш ишларини жаддаллаштириш бўйича топшириқ берди. Эртадан  бошлаб ишчиларни  100 нафарга етказиш, Наврўз байрамигача каналнинг 1,5 километр қисмини бетонлашни якунлаш бўйича вазифалар белгиланди.

   Шу ерда Қўнғирот тумани ҳокими Б.Мадаминов билан учрашиб, туманда ирригация тармоқларини бетонлаш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида аҳоли томорқаларига сув етказиш борасидаги ишларнинг бориши ҳамда келгуси вазифаларни муҳокама этиб олдилар.
     Туман ҳокими ва ҳуддуддаги сув хўжалиги масъуллари ҳамроҳлигида “Хоразм” ва “Ўрнак” овулларидаги ички канал ва ариқларни бетонлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди. Ички канал ва ариқларини бетонлаш борасидаги тадбирларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати