
___ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини сув истеъмолчиларига тушунтириш кўргазмали семинарлар ташкил қилинмоқда.
___ Элликқалъа туманидаги “Элликқалъа нав синаш участкаси” фермер хўжалигида Президентимизнинг шу йил 1 апрелдаги 107-сонли қарори белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда айни кунларда сув хўжалиги соҳасидаги устувор вазифалар, хусусан сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишларини жадаллаштириш юзасидан кўргазмали семинар ўтказилди.
___Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимлиги, қишлоқ ва сув хўжалиги масъуллари, сектор раҳбарлари, кластер ҳамда фермер хўжалиги раҳбарлари, қурилиш ташкилотлари вакиллари иштирок қилди.
___Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
___Шунингдек, жорий суғориш мавсумида сув кам бўлиши кутилаётгани таъкидланди. Прогноз маълумотларга кўра, 2023 йил вегетация даврида сув ресурслари ҳажми кўп йиллик меъёрга нисбатан Амударё ҳавзасида 15 — 20 фоизга кам бўлиши кутилмоқда. Шу боис сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш бўйича сув истеъмолчиларига алоҳида кўрсатмалар берилди.

___-Айни кунларда “Туямўйин” сув омборига ўтган йилга нисбатан секундига 400 метр куб сув кам келмоқда, – дейди Қорақалполпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бўлим бошлиғи У. Оразимбетов. – Бугунги кунда 2 млрд. 600 млн. метр куб сув захираси тўпланган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 300 млн. метр куб кўплигини билдиради. Лекин вазият шундай давом қилса, сув омморидаги сув захираси ҳозирги кунда сув истеъмолчиларининг сувга бўлган талабининг борган сари ортишига қараб 15-20 кунга етиши мумкин. Шу боис семинарларда мавжуд сув ресурсларини қатъий тақсимлаган ҳолда фойдаланиш, сувни тежайдиган технологиялар жорий этишни кенгайтириш, ирригация тизимларида сув йўқотишларни камайтириш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берилмоқда.

___Семинарда пахта майдонларига сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқада қолаётгани танқид қилинди ва бу борада зудлик билан чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинди. Шунингдек, сув истеъмолчиларига кўрсатилган хизматлар учун “Махсус хизмат”га тегишли маблағларни ўз вақтида ажратиш ва сувнинг ҳисобини тўғри юритиш борасида ҳам камчиликларга йўл қўйилаётгани айтиб ўтилди ва сув истеъмолчиларига тегишли кўрсатмалар берилди.
Шу йўналишдаги кўргазмали семинарлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган график асосида барча туманларда ўтказилди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби