
ёхуд сув хўжалигига оид видео мурожаатларга муносабат
Сув – ҳаёт манбаи. Шу жумладан қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил олишнинг ҳам гаровидир. Ҳозир экинларни суғоришга энг кўп сув сарфланадиган маҳал бўлганлиги боис, республикамизнинг чекка ҳудудларига сув етказишда муаммолар бўлаётгани бор гап. Мазкур муаммони бартараф қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва қуйи тизим ташкилотлари томонидан ҳудудларда навбатлаб суғориш тартиби жорий қилинган. Лекин, айрим фуқаролар бу ҳолатни тўла англамай, ижтимоий тармоқлар орқали асосланмаган хабарларни тарқатмоқдалар.
Кўпчиликка маълум, жорий йилнинг баҳор фаслида Қорақалпоғистонга келиб деҳқончилик қиладиган хоразмлик деҳқонлар бу йил Амударёда сув миқдори қанча бўлиши ҳақидаги савол билан вазирликка мурожаат қилган эди. Ўша вақтда саволга жавобан Амударёда сув кам бўлиши ҳақидаги расмий ахборот (вазирлик сайти, маҳаллий сайтлар ва газеталарда ўзбек, қорақалпоқ тилларида) эълон қилинди. Бошқача айтганда, мутасаддилар томонидан аҳоли сув бориши қийин бўлган ҳудудларга шоли экмасликка чақирилди. Лекин, бунга кимдир амал қилди, қайсидир фермер ўз билганича шоли экишга ҳаракат қилди. Ажабланарлиси, ана шу белгиланмаган ҳудудлардаги шоли майдонларига сув етиб бормаётгани учун ҳам сув хўжалиги масъуллари айбдордек, гўё…

КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР
Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология Бош бошқармаси томонидан 2020 йил суғориш мавсумида Амударё ҳавзасининг сув билан таъминланиш даражаси кўп йиллик меъёрга нисбатан 80–85 фоизни ташкил қилиши прогноз қилинган эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 июндаги 344-сонли ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2020 йил 3 июндаги 161-сонли қарорлари асосида сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, етказиб берилган сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, суғоришда сув тежамкор технологияларни жорий қилиш, агротехник тадбирларни қўллаш орқали етишмаслиги кутилаётган сув миқдорларини қоплаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сув тақчил йилларда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш усулларидан бири бу – навбатлаб суғоришни йўлга қўйишдир.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида туман ҳокимлари, қишлоқ ва сув хўжалиги мутахассислари билан келишган ҳолда навбатлаб суғориш усули қўлланилиб, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдалинишнинг барча чоралари кўрилмоқда.

ҲОЗИР АМУДАРЁДАН ҚАНЧА СУВ КЕЛМОҚДА?
Маълумки, суғориш мавсумида Амударё ҳавзасида сувнинг миқдори “Туямўйин” сув омбори билан бевосита боғлиқдир. Бугунги кунда “Туямўйин” сув омборига келиб турган сув миқдори секундига 800 м³ ни ташкил қилиб, сув омборидан жами бўлиб секундига 1219 м³, шундан Амударёга секундига 850 м3 сув чиқарилмоқда. Бу кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда, сувнинг келиши 27 фоизга, сув омборида йиғилган сув миқдори 28 фоизга камдир.
Шу боис, ҳозирги кунда бор сув ресурсларидан самарали фойдаланиб, имкон қадар сув омборидан чиқаётган сувни тежаган ҳолда, агротехник қоидаларга мувофиқ, ғўза майдонларини суғориш талаб этилади.
Бугунги кунда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 212 дона кўчма дизель насослари олиб келинди ва сув тақчил ҳудудлардаги ғўза майдонлари, аҳоли томорқалари ва бошқа экинларни суғориш учун ҳудудларга тарқатилмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағларидан 2 млрд сўм ажратилиб, ушбу маблағлар ҳисобидан сув етиб бориши қийин бўлган ҳудудларга қўшимча равишда кўчма дизель насосларини етказиб бериш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

СУВЧИЛАР БИЛАН ЁНМА-ЁН ЮРСА,
асосланмаган ахборотларни тарқатишдан ўзини тийиши аниқ
Тўғри, XXI аср – ахборот асри, дея таърифланган эди. Аммо, бу ҳеч кимга ўзининг қўл телефони орқали қайсидир ҳудуд ёки ҳолатни фото-видео тасвирга олиб, ўзи билмасдан ёки етарлича ахборотга эга бўлмасдан туриб, жамоатчилик орасида ёлғон ахборот тарқатиш ҳуқуқини бермайди.
Масалан, яқинда бир фуқаро ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида сув омбори қурилгани ва Амударёнинг суви ўша сув омборига йиғилаётгани сабабли Қорақалпоғистон ҳудудига сув келмаяпти, деган фикрларни айтиб чиқди. Лекин, бу нотўғри ахборот, Хоразм вилоятида сув омбори қурилмаган ва қурилиши режалаштирилмаган.
Шунингдек, бир фуқаро Қўнғирот туманида Хоразм вилоятидан келиб фермерлик фаолиятини йўлга қўйгани, ҳозирги кунда шоли далаларига сув берилмаётганидан шикоят қилиб, ижтимоий тармоқларда видео мурожат билан чиққан.
Мазкур ҳолат масъул ходимлар ва туман ирригация бўлими ходимлари томонидан жойига бориб ўрганилди. Вазирлар Маҳкамасининг юқорида келтирилган махсус қарорига мувофиқ, сув танқислиги оқибатларини юмшатиш мақсадида туман ҳокимлари ва қишлоқ ва сув хўжалиги ходимлари билан келишилган ҳолда туманларга навбатлаб сув берилмоқда. Мазкур тадбир доирасида 30 июндан бошлаб Қўнғирот туманига сув берилиши вақтинча тўхтатиб турилган. Белгиланган график асосида 7 июлдан бошлаб Қўнғирот ва Қонликўл туманлари чегарасига белгиланган сув микдорлари етказиб берилган. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда видео мурожат билан чиққан фермер далаларига сув етказиб берилган.
Бундан ташқари 2020 йили сув танқислиги кутилаётганлиги ҳақида туман ҳокимликларига расмий мурожаат қилинган эди. Ушбу мурожаатда ҳам сув кўп талаб қиладиган экинларни сув бориши қийин ҳудудларга жойлаштирмаслик, асосан сувни кам талаб этувчи экинлар экишни режалаштириш буйича таклифлар берилган.
Ижтимоий тармоқларда биргина фото ёки видео кўриниш билан қайсидир соҳани, шу жумладан сув хўжалиги тизими фаолиятини ҳам танқид қилиш энг осон иш. Аммо унда асос, жўяли фикр бўлиши лозим. Шу ўринда ана шундай видеоларни тарқатишдан олдин сув тақчил ҳудудларга обиҳаётни етказиш учун кимлар қанча меҳнат қилишаётгани ҳақида ўйлаб кўришларини хоҳлар эдик. Агар кимдир ижтимоий тармоқларга сув тақчиллигига оид видеоларни жойлаштиришдан олдин жуда бўлмаганда бир-икки кун сувчилар билан ёнма-ён юриб, оғир ҳудудларга сув етказиш машаққатини ҳис қилса, асосланмаган ахборотларни осонгина тарқатишдан ўзини тийиши аниқ. Демоқчимизки, бу тизимдаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳаммадан ҳам кўп сув хўжалиги масъуллари ҳаракат қилишмоқда.
|
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати |