Айни кунларда республикамиз ҳудудларидаги сув хўжалиги ташкилотларида кейинги йил ҳосили учун тўқсонбосди экинларини экиш ишлари давом қилмоқда.

Бугун Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасининг Нукус-Кегейли ҳудудий бўлими томонидан Кегейли туманида пиёз экиш ишлари бўйича семинар ўтказилди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бўлим бошлиғи, республикага бириктирилган вакил Н.Атакуловлар сув хўжалиги объектларининг ҳимоя зоналари, ёрдамчи хўжаликларда тўқсонбосди ва буғдой экинларини экишнинг аҳамияти, бу борада белгиланган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, мазкур майдонларда етиштириладиган ҳосил эвазига сувчиларни қўшимча рағбатлантириш имкониятини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир сув хўжалиги раҳбари тўқсонбосди экинларини экиш, умуман ёрдамчи хўжаликлардан самарали фойдаланишни назоратга олишлари бўйича топшириқлар берилди.

-Ишчи ходимларимизни ижтимоий таъминлаш, қўшимча рағбатлантириш мақсадида насос станциялари атрофларидаги майдонлар ва ёрдамчи хўжаликлардан самарали фойдаланишни алоҳида назоратга олганмиз, – дейди Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи К.Сарибаев. – Айни вақтгача 2,5 гектар майдонга саримсоқпиёз 1,9 гектарга пиёз ва бошқармамиз ёнидаги иссиқхонага кўкат, бодринг экинлари экилди. Шунингдек, Хўжайли туманидаги “Сувчилари боғи” ва янгидан ташкил қилинган “Вазирлик боғи”га ҳамда насос станциялари атрофларидаги жами 18 гектар майдонга келгуси йил ҳосили учун буғдой экилди.


Семинарда яхши ният билан уруғлар сепилди. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш, тўқсонбосди экинларини экиш ишларини тез кунда якунлаб, уларни парваришлаш, суғориш ишларини назоратга олиш ва мўл ҳосил яратиш бўйича вазифалар белгиланди. Ишчи-ходимларга мазкур экин турларини парваришлаш бўйича тайёрланган қўлланмалар тарқатилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати