___
___ 
___ Кегейли туманидаги “Жузимбағ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида “Шўр ювишда сувдан самарали фойдаланиш” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди. “Қайип Майши” фермер хўжалигининг 2 гектарлик дала майдонида бажариладиган жараёнлар кўргазмали семинар шаклида иштирокчиларга кўрсатиб берилди.
___ Семинарда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти директори А.Уразкелдиев, мазкур институтнинг Қорақалпоғистон минтақавий маркази директори С.Қурбанбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Б.Жузбаев, Кегейли ТИБ раҳбари Қ.Примбетов, ИСМИТИнинг илмий ходимлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

___Тадбирда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда юқори ҳосил олиш учун шўр ювишнинг илмий асосланган меъёрлари, ерларнинг шўрини ювишда биосольвент препаратининг миқдори, сув танқислиги шароитида сув тежовчи технологияларнинг замонавий технологиялари ҳақида олимлар кенг турда маълумот берди.
___Олимларнинг маълумот беришича, «Биосолвент» препарати Ўзбекистон Республикасида Фанлар академияси Биоорганик кимё институтида яратилган. “Биосольвент” препарати шўр ювишда сувни 50 фоизгача иқтисод қилади. Ушбу препарат Беруний туманида ҳам синовдан ўтказилган. Шўрни ювиш ҳисобига пахтанинг қўшимча ҳосили 7,5 центнерга ошгани кузатилган. Препарат қўллаган вариантида назоратга нисбатан тузларнинг ювилиши икки баробардан кўпроқ ювилган. Масалан оддий шўр ювишда 0-30 см горизонтда 26 % ювилган бўлса, препарат қўлланилган вариантида 56% тузлар ювилиши кузатилган. Биосольвентнинг таъсири вегетация охиригача сақланиб қолади. Шунингдек, келгуси шўр ювиш меъёрини камайтириш имконини беради.

___Тадбирда сувда юқори бўкувчан ҳусусиятга эга бўлган Гидрогель синтетик полимер моддаси бўйича ҳам маълумот берилди.
___Таъкидланганидек, Гидрогель – тупроқ таркибида, кўп миқдордаги намликни узоқ вақт давомида сақлаш имкониятини беради. Тупроққа атмосфера ёғинлари ёки суғориш йўли билан ўтган сув ўсимликлар илдизига бемалол ўтадиган ҳолатда сақланади. Гидрогель маҳсулоти асосан Республикамизда мавжуд бўлган маҳаллий хом-ашёлар асосида синтез қилинган. Шу сабабдан, импортдан келтирилган шу хилдаги маҳсулотларга нисбатан баҳоси 8 баробар арзон, лекин хусусиятлари жиҳатидан фарқ қилмайди. Ёмғир сувларида ўзининг оғирлигидан 200-300 марта, кўпчилик тупроқларда эса тупроқ таркибидаги турли тузларнинг миқдорига қараб 200-250 мартагача кўп сувни ютиши аниқланган. Амалда 10 грамм миқдордаги полимер 2,0 дан 4,0 литргача сувни сақлаб туриши кузатилади. Фойдаланиш тўғри ташкил этилганда Гидрогель тувакда ўстириладиган ўсимликлар учун 50-80 % ва кўпчилик қишлоқ хўжалик экинлари учун 20-40 % суғоришга сарфланадиган сувни тежаш имкониятини яратади.

___Тадбир давомида “Биосольвент” препаратини қўллаш жараёни илмий ходимлар томонидан кўрсатиб берилди ҳамда далага сепилди. Кетган сув миқдорини аниқлаш учун махсус қурилма ўрнатилди ва сув очилди. Шунингдек, иштирокчилар Гидрогель моддасини ҳам сувга бўктирилган жараённи синаб кўрди.

___Семинарда штирок этган фермерлар олимлар ва сув хўжалиги масъулларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби