«Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси маъсуллари томонидан Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳафталик режа графикда белгиланган вазифалар доирасида Нукус туманидаги “КС-1-4” хўжаликлараро коллекторининг реконструкция қилиш ишлари ўрганилди.

Нукус туманидаги “КС-1-4” коллектори 1980 йилда ишга туширилган бўлиб, умумий узунлиги 31,3 километрни ташкил қилади. Коллекторнинг лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 4,5 метр кубни ташкил этган бўлса, кейинги йилларда айрим жойларида тупроқ қумлоқ бўлганлиги сабабли коллекторнинг ён қияликлари ўпирилиб, зах сувларининг меъёр даражасида оқиб чиқиб кетишига тўсқинлик қила бошлаган. Натижада ҳудудларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашишига, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдарлигига салбий таъсир кўрсата бошлаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги 404-сон қарорида Нукус туманидаги “КС-1-4” хўжаликлараро коллекторининг ПК26+00 дан ПК126+00 гача қисмини реконструкция қилиш белгиланди.
Ўрганиш давомида«Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси маъсуллари томонидан пудратчи ташкилот “Тўрткўлли Нураддин Экскаваторчи” МЧЖ маъсули ва ишчи ходимларига реконструкция ишларини сифатли ва ўз муддатларида бажариш юзасидан топшириқлар берилди.
Масъулларнинг маълумот беришича, мазкур коллекторнинг 2024 йил давомида реконструкция қилиш белгиланган 13,2 километр қисмида қазиш ишлари тўлиқ бажарилган. Бугунги кунда коллектор реконструкцияси доирасида 3 дона гидротехник иншоотларни янгидан қуриш белгиланган. Шунингдек, 2 та эски кўприклар ўрнига йиғма темир бетон қувурли сув ўтказиш иншоотлари қурилмоқда.
Шу билан бирга кузатув қудуқларига дайвер ускунасини ўрнатиш ишлари тўлиқ якунланиб, марказий ахборот тизимига интеграция қилинган. Ҳозирги кунда мазкур объектда жами 5 дона махсус техникалар ҳамда 7 нафар ишчи-ходимлар иш олиб бормоқда.
Маълумот учун: “КС-1-4” хўжаликлараро коллекторида реконструкция ишлари амалга оширилганидан сўнг, ҳудуддаги 3080 гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, 1670 гектар майдоннинг ер ости сизот сувлари меъёр даражасига туширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати