Оролбўйи ҳудудида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан фарқли ўлароқ экин майдонларини суғориш даври кўпроқ, яъни шўр ювиш даври ҳам бор. Бу даврда ҳам каналларда сув бўлиши ҳисобига сув йўқотишларни камайтиришга қаратилган тадбир -каналларни бетонлаштиришга кам вақт қолади.

Қорақалпоғистонлик сувчилар мазкур омилни ҳисобга олган ҳолда суғориш мавсумида ҳам каналларни бетонлаштириш ишларини изчил давом эттирмоқда.
-Томорқа ва ғалла майдонларида суғориш ишлари якунланиши билан каналларни бетонлаш ишларини бошлаб юбордик, дейди Қўнғирот тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори Ш.Джадигеров. – Ҳозирда ўз ҳисобимиздаги “Айран жап” каналида бетонлаш ишлари олиб борилмоқда. Иш 2 сменада ташкил этилиб, қурилиш бошида иссиқ овқат ва бошқа зарур шароитлар яратилган.

Хуллас, ҳар бир кун, соатдан унумли фойдаланишнинг барча чоралари кўрилмоқда. Негаки, қишнинг қаҳратон совуғида ва шўр ювиш мавсумидаги давр учун бугун белгиланган қисмда бетонлаштириш ишларини якунлаб, яна экин майдонларига сув беришни давом эттиришимиз зарур.

Шу билан бир қаторда тумандаги Охунбобоев, Ажиниёз, Қўнғирот, О.Қурбониёзов, Хоразм ва Кўкликўл ҳудудларида жойлашган фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ички ариқларини бетонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Қўнғирот туманидаги “Жинишке” хўжаликлараро канали ҳам дегишли дастур асосида бетонлаштириш ишлари бошланган. Дастур доирасида 2,5 километр қисмини бетонлаш белгиланган бўлса, ҳозирги кунга қадар «Жанубий Бунёдкор» МЧЖ қурилиш корхонаси томнидан 1 километр қисмида бетонлаш ишлари амалга оширилиб, бу ишлар давом этмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати