ЖАҲОН БАНКИ МИССИЯСИ ИШТИРОКИДА

“Есимўзак” каналини модернизация қилиш лойиҳаси муҳокама этилди

       Жаҳон банки сув ресурсларини бошқариш лойиҳалари раҳбари Азад Абдулҳамид бошчилигидаги миссия Нукус шаҳрига ташриф буюриб, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ҳамда соҳа масъуллари билан учрашди.

Учрашув аввалида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев миссия  вакилларига Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларига сув етказувчи магистрал каналлар ва сув таъминоти оғир ҳудудлар ҳақида маълумот бериб ўтди. Ўз навбатида Миссия раҳбари Азад Абдулҳамид шимолий туманлардаги сув тармоқлари билан ўтган йилнинг декабрь ойида танишиб чиққанлигини ва каналларни реконструкция қилиш лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, бу борада ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини билдирди.

       Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймов “Қораўзак туманидаги “Есимўзак” хўжаликлараро каналини модернизация қилиш” лойиҳасини тақдимотини қилди. Унда мазкур объектнинг ҳозирги ҳолати ва модернизация жараёнида амалга ошириладиган тадбирлар ва эришиладиган натижалар ҳақида маълумот берилди.

       Маълумот берилишича, Қораўзак туманидаги “Есимўзак” хўжаликлараро канали 1947 йил фойдаланишга топширилган бўлиб, умумий узунлиги 89 километрни ташкил қилган. Канал бошида сув сарфи максимал секунтдига 50 метр кубни ташкил қилган бўлса, ҳозирда 35 метр кубга тушиб қолган. Каналда 121 дона гидротехник иншоотлар мавжуд.

       “Есимўзак” каналида лойиҳа доирасида  модернизация ишлари бажарилгач каналнинг 89,0 километр қисми бетон қопламалар билан қопланади. Натижада 20 минг гектарга яқин суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланади. Бундан ташқари, канални модернизация қилиш орқали унинг ФИК 0,67 фоиздан 0,84 фоизгача оширилади. Сув танқислиги сабабли фойдаланишдан чиқиб кетган минглаб гектар майдонлар қайта ўзлаштирилади. Фойдаланишга қайтарилган ерларнинг ҳисобидан янги иш ўринларини яратиш имкони бўлади. Сувни бошқариш тизимида янги замонавий технологиялар билан мониторинг қилиш имконияти яратилади.

       Шунингдек, йилига каналнинг 1205,0 млн сўм эксплуатация  ҳаражатлари,  1,43 млн.кВт.с электр энергия ва 100 млн.м3 сув иқтисод қилинади. Мазкур канални модернизация қилиш лойиҳаси доирасида Қораўзак туманидаги 1 500 гектар ер майдонларини лазер ёрдамида текислаш ишларини олиб  бориш ҳам назарда тутилмоқда.

Жаҳон банки миссия вакиллари “Есимўзак” канали тақдимоти юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан ҳудудий масъуллардан жавоблар олишди ва амалга ошириладиган ишлар кенг муҳокама этилди.

       Муҳокамалар якунида Жаҳон банки сув ресурсларини бошқариш лойиҳалари раҳбари Азад Абдулҳамид “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўлиқ якунига етказиш зарурлигини таъкидлади. Боиси, Қорақалпоғистоннинг жанубий туманлари сув таъминотини яхшилашга қаратилган ўша лойиҳа тўлиқ якунланиб, самарали  ишлашни бошлаши келгусидаги ишлар, яъни шимолий туманларда “Есимўзак” каналини модернизация қилишдек, янги лойиҳаларни амалга оширишга замин яратилиши ва бу борадаги ишларни жадаллаштиришга хизмат қилиши айтиб ўтилди.

       Миссия вакиллари модернизация қилиниши кутилаётган “Есимўзак” хўжаликлараро каналини жойига бориб ўрганиш мақсадида сув хўжалиги вазирлиги масъуллари ҳамроҳлигида Қораўзак туманига йўл олдилар.

 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби.