КУЗГИ-ҚИШКИ МАВСУМ ИШЛАРИ ҳамжиҳатликда олиб борилмоқда

__ Қорақалпоғистон Республикасидаги сув хўжалиги ташкилотлари ирригация тармоқлари ҳамда иншоотларни шўр ювиш  мавсумига тайёрламоқда.  Бу борада 2022-2023 йиллар кузги-қишки даврида бажариладиган ишлар учун аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.

___ Биз, мазкур тадбирлар режасига кўра Кегейли туманида  олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдик.

___ Тумандаги ирригация ва мелиорация бўлимлари ҳамда ва насос станцияларининг ҳудудий бўлим ходимлари ҳамжиҳатликда ҳашарлар ташкил қилиб, суғориш тармоқларини тозалаш, гидротехник иншоотлар ва сув ўлчаш постларини таъмирлаш, мелиорация объектлари атрофларини тозалаш ишларини уюшқоқлик билан олиб бормоқдалар.

___ -Белигиланган вазифаларни тез ва сифатли бажариш мақсадида ҳудудларда ҳашарлар ташкил этилиб, ишчилар учун тушликда иссиқ овқат ташкил этилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Мелиоратив экспедицияси раҳбари   Илхам Жанабаев. – Сув хўжалигининг ҳудудий бўлинмалари ҳамжиҳатлигида ташкил қилинаётган ҳашарларда насос агрегатлари, гидроиншоотлар барчаси кўздан кечирилиб, таъмирланмоқда. Ирригация ва мелиорация тармоқлари тозаланиб, мавсумга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

___ Айни кунларда Оролбўйи ҳудудидаги барча сув хўжалиги ташкилотларида куз-қиш мавсумидаги ишлар бошлаб юборилган.

___ -Мавсум давомида 366 км узунликдаги магистрал ва хўжаликлараро каналларни тозалаш белгиланган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ирригация тизимлари ва гидротехник иншоотлардан фойдаланиш сектори бошлиғи Шингис Айтмуратов. – Шунингдек, 209 дона гидротехник иншоотлар ва 178 дона гидропостларни таъмирлаш режалаштирилиб, бу борадаги ишлар бошлаб юборилди. Ҳозирги кунда 59,2 км узунликдаги  хўжаликлараро каналларни тозаланди ва 28 дона гидротехник иншоотлар ҳамда 23 дона гидропостларни таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

___ Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида жойларда кўргазмали семинарлар ташкил этилиб, кластер ва фермерлар хўжаликлари ҳамда томорқа эгаларига ички ариқ-зовурларни тозалаш, сув олиш қулоқларини жиҳозлаш бўйича тавсиялар берилмоқда.

___ Бугунги кунда  хўжаликлараро каналларни тозалаш ишларига 10 дона экскаватор, ички хўжалик суғориш тармоқларини тозалашга 23 дона экскаватор ва 550 нафар ишчи қатнаштирилиб, бу ишлар давом этмоқда.

 

___ Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан ҳудудга бириктирилган вакил Қ.Муротов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан туманларда кузги-қишки тадбирларнинг бажарилиши ўрганилиб, тизим ташкилотлари масъулларига тегишли кўрсатмалар берилмоқда. Эътиборлиси, бу ишлар барча тизим ташкилотлари ходимларининг ҳамжиҳатлигида ҳашарлар ташкил қилган ҳолда самарали олиб борилмоқда.  

 Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби