ТАШРИФ ДОИРАСИДА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ

12 та туманда сув таъминоти яхшиланишига хизмат қилади

___Қорақалпоғистон Республикаси Амударё дарёсидаги Тахиатош гидроузели 1974 йили фойдаланишга топширилган.  Гидроузелнинг қопқоқли тўғон олдида йиғилиши мумкин бўлган лойқа чўкиндилар сув миқдори меъёрида бўлган даврларда гидравлик усул билан ювилиб турилган.

___Амударё ҳавзаси Сув хўжалиги бирлашмаси Қуйидарё бошқармаси бош муҳандиси Тенелбай Нурмаганбетовнинг маълумот беришича, кейинги йилларда минтақада кузатилган сув танқислиги сабабли гидроузел юқори бьефда узоқ вақт давомида баланд сув сатҳини ушлаб туриш режимида ишлаган. Натижада юқори бьефининг лойқа чўкиндилари билан кўмилиб, дарё ўзанининг катта қисмида пайдо бўлган лойқалар усти ва қирғоқ бўйлаб қамиш ва бошқа ўсимликлар ҳосил бўлган. Бу магистрал каналларга сув етказишга ҳамда сув миқдори ошган пайтда, дарёнинг қуйи қисмига етарли миқдорда сув ўтказиш қобилиятига эга эмас.

___-Ўтган йиллар давомида кузатилган сув танқислиги сабабли юқори бьефда узоқ вақт давомида баланд сув сатҳини ушлаб туриш режимида ишлаши, ўз навбатида юқори бъефнинг лойқа чўкиндилари билан кўмилиб қолишига олиб келди, – дейди Амударё ҳавзаси Сув хўжалиги бирлашмаси Қуйидарё бошқармаси бош муҳандиси Тенел Нурмагамбетов. Тахтиатош гидроузелининг қопқоқли тўғон олди бўлагида дарё ўзани тубининг 2-2,5 метр кўтарилиши унинг иш режимининг ёмонлашишига, яъни каналларга керакли сув миқдорларини етказишда муаммолар бўлаётган эди. Шунингдек, қуйи бьефга сув ўтказиш қобилиятининг пасайишига, дарё оқимларининг тўғридан-тўғри ўтиб кетишидан каналларнинг кўмилиб қолишига сабаб бўлмоқда.

 

___Маълумки, Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига қилган ҳар бир ташрифи доирасида бошқа соҳалар қатори сув хўжалиги соҳасида ҳам янги лойиҳаларга асос солинади. Жорий йил 23-24 февраль кунлари бўлган ташрифи давомида ҳам ҳудудда сув таъминотини яхшилаш ва тизимда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга оид топшириқлар берилган эди.

___Президентимиз белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 25 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида  ўтказилган йиғилиш баёнига юқоридаги келтирилган масала, яъни Тахиатош гидроузелининг юқори бъефида лойқаларни тозалаш ишларини олиб бориш белгиланди.

___– Тахиатош гидроузелининг юқори бъефининг ҳозирги аҳволи тегишли мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Тажетдин Мадреймов. – Амударё дарёси ҳавзасида сув миқдорининг меъёрга нисбатан кам бўлиши натижасида дарёнинг қуйи қисмидаги Тахиатош гидроузелининг юқори бъефининг 3,5 км қисмида 2-2,5 метргача лойқа чўкиндилар билан тўлиб қолган. Президентимиз ташрифи доирасида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, сувнинг келиши қийинлашганлиги сабабли ҳамда дарё ўзанидан сув йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида жорий йил 1 июнга қадар Тахиатош гидроузелининг юқори бъефида 6 та земснарядларни ишга тушириб, тозалаш ишларини олиб бориш назарда тутилмоқда.

___Лойқа чўкиндилардан тозалашнинг лойиҳа  смета ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирда Қуйи дарё бошқармасининг 2 та ва Сув хўжалиги вазирлигининг 1 та земснаряди ҳудуддга келтирилиб, 2 таси иш бошлади. Ҳар бир земснарядда 6 тадан ходим икки сменада ишламоқда. Объектнинг ўзида штаб ташкил этилиб, механизатор ва ходимларнинг ишлаши ва дам олиши учун қулай шароитлар яратилган. Шунингдек, апрель ойида яна 3 дона земснарядларни олиб келиш ва ишга тушириш чоралари кўрилмоқда. Кузатилаётган сув танқислиги туфайли Тахиатош гидроузелининг юқори бьефида йиғилиб қолган лойқа чўкиндилар гидравлик усул ювиб чиқариб ташлаш имкони бўлмагач, улар механик усул билан, яъни земснаряд механизмлари ёрдамида қазиб тозалаш чоралари кўрилмоқда. Бу ишларга 2022 йилда 20 млрд.сўм маблағларни ажратилиши назарда тутилган.

___Эътиборлиси, Президентимиз ташрифи доирасида белгиланган лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида “Дўстлик”, “Анасай”, “Суенли”, “Параллел” ва “Тахиатош ТЭС” каналларига сув етказиш имконияти ошади, шимолий ва шимоли-ғарбий ҳудудидаги 12 та туманда сув таъминоти яхшиланади.  

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби