Қорақалпоғистонда ўқув-семинари: МАЪРУЗА, МУЛОҚОТ ВА КЎРГАЗМА ШАКЛИДА ЎТКАЗИЛДИ

Бугун Нукус шаҳрида Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини  кластер-фермер хўжаликлари ва қурувчи ташкилот вакилларига тушунтириш, қарорда белгиланган тадбирларни бажаришда иштирок этувчи раҳбар-ходимларни соҳа бўйича билим ва кўникмаларини ошириш бағишланган ўқув-семинари ўтказилди.

___Семинарни Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти  ректори Елмурат Торениязов очиди ва кириш сўзида минтақада сув тежовчи технологияларни жорий этишнинг аҳамияти ва Президентимизнинг бу борада қабул қилаётган қарорларида белгиланган тадбирлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

___Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р.Қаршиев сўзга чиқиб, шу йилнинг 1 март санасида қабул қилинган ПҚ-144-сон қарорда белгиланган тадбирлар, хусусан, Оролбўйидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари сув тежовчи технологияларни жорий этганларида субсидия  орқали харажатларни қоплаб беришда яратилаётган имтиёзлар ва бошқа бир қатор белгиланган тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. 

___Семинарда “Тошкент  ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетининг Халқаро ҳамкорлик бўйича роректори А.Салоҳиддинов, ушбу университетнинг Гидромелиорация факультети декани А.Фатхуллоев,  Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази бошлиғининг ўринбосари А.Манглиев, Ирригация ва сув муаммолари илимий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон филиали директори С.Қурбанбаев, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг  прфессор ўқитувчилари А.Жуманазарова, О.Ақназаровлар ҳудудда сув тежовчи технологияларни жорий этишга оид маърузалари тақдимотларини намойиш этиб, тежамкор технологияларнинг зарурати ва илмий асослари ҳақида кенг турда маълумотлар беришди.

___Тадбирда дастлаб,  олимларнинг илмий асосланган маърузалар тингланган бўлса, иккинчи қисмида фермерлар ва қурувчи ташкилотлар билан сув хўжалиги масъуллари ва олимлар ўртасида савол-жавоб бўлиб ўтди.

___Мулоқотларда берилган саволларга Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири в.в.б.Б.Жузбаев жавоб бериб, қарорда белгиланган вазифаларни бажаришда кластер ва фермер хўжаликлари ҳамда қурувчи ташкилотлар билан биргаликда бажаришимиз, бу борада ҳам бир масъул ходим зиммасидаги вазифаларни бажаришга бор куч-ғайратини сафарбар этиши зарурлигини таъкидлади.

___Тадбир доирасида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳовлисида тув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи ва қурувчи ташкилотларининг кўргазмаси намойиш этилди.

___Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар маҳсулотлари ҳамда қурувчи ташкилотларнинг хизматлари билан танишдилар. Ушбу жараёнда кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарларига қабул қилинган қарор асосида киритилаётган ўзгаришлар ҳам бевосита тушунтирилди. Шунингдек, олимлар ва сув хўжалиги масъуллари тадбирни ёритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига атрофлича жавоблар бериб, қарор асосида амалга ошириладиган тадбирларни кенг жамоатчиликка тарғиб этдилар.  

___Эътиборлиси, Қорақалпоғистонда ўқув-семинари уч хил йўналишда, яъни маъруза, мулоқот ва кўргазма шаклида ўтказилганлиги юқорида келтирилган қарорнинг мазмун-моҳиятини иштирокчиларга кенг тушунтириш билан бирга олимларни ишлаб чиқарувчиларга яқинлаштирди, ўзаро ҳамфкрликда ишлашига замин яратди. 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби