___Бу йилги дастлабки маълумотларга кўра, жорий йил суғориш даврида сув танқислиги кузатилиши прогноз қилинган эди.
___Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 апрелдаги 199-сонли қарори қабул қилиниб, унда 2021 йилда кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида вазифалар белгиланди.
___Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида,сувни тақсимлаш графиги ишлаб чиқилган. Ушбу график асосида туманларга ва магистрал каналларга навбатма-навбат сув етказилиши таъминланмоқда.
___Баҳор фасли кириб келиши билан ҳудудларда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларини суғоришда, яъни сув етиб бориши қийин бўлган ҳудудлардаги аҳолининг мурожаатлари ижтимоий тармоқлар орқали ёритила бошланди. Хусусан, Kar24Uz телеграм канали орқали Қўнғирот тумани «Көк дәрья» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Әреп» каналига февраль ойидан бошлаб сув келмагани ҳақидаги видеомурожаат ёритилди.

___Мазкур мурожаат Қўнғирот тумани ирригация бўлими ва ҳудуддаги масъуллар томонидан ўрганилганида, мурожаатда келтирилган «Әреп» каналининг ҳозирги номи “Р-1А” канали эканлиги ва унга март ойининг 2-16 саналари оралиғида сув берилгани аниқланди. Шунингдек, мазкур каналга май ойининг иккинчи 10 кунлигида ҳам сув берилган. Белгиланган график асосида июнь ойининг дастлабки 10 кунлигида ҳам “Р-1А” каналига сув бериш назарда тутилган.

___Ҳозирги кунда туман чегарасигача етказилаётган сув миқдорлари туман раҳбарияти ва ирригация бўлими томонидан овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларига навбатма-навбат берилиши ва график асосида ички ирригация тармоқларига тасимланиб, сув етиб бориши қийин бўлган аҳоли томорқалари ва фермер хўжаликлари майдонларига сув етказишнинг барча чоралари кўрилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги
Матбуот хизмати