Бугун, яъни 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг видеоконференцалоқа шаклида навбатдаги Ҳайъат йиғилиши ўтказилди.
Соҳадаги бир қатор масалалар танқидий муҳокама этилган йиғилишда ирригация-мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш масалалари бўйича ҳам хато-камчиликлар келтириб ўтилди.

Ҳайъат йиғилишидан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг масъул раҳбарлари ҳамда вазирликдан бириктирилган вакиллар иштирокида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган режа графикда ҳафтанинг чоршанба куни сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция ишларини муҳокама этиш белгиланганлиги айтилиб, бу борада ҳудудлардаги сув хўжалиги раҳбарларига ишларни ташкил қилиш юзасидан топшириқлар берилди. Муҳокамада “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси директори в.в.б Нурлан Каиповга Ҳайъат йиғилишида танқид қилинган ҳар бир масала ва объект бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, барча туманларда олиб борилаётган ишларни назоратга олиш бўйича топшириқ берилди.

Куннинг иккинчи ярмида “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасасининг Лойиҳаларни бошқариш ва қурилишни техник кузатиш бўлими етакчи мутахассиси Азат Қутлимуратов пудратчи ташкилот вакиллари билан биргаликда Тахтакўпир туманидаги “КС-4” туманлараро коллекторининг реконструкция ишларини бориб ўрганишди.
Тахтакўпир туманидаги “КС-4” туманлараро коллектори 1971 йилда ишга туширилган бўлиб, умумий узунлиги 116,0 километр ва лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 18,0 метр кубни ташкил этади.
Коллекторнинг айрим жойларида ён қияликлари ўпирилиб, сув йўлини тўсиши натижасида коллекторнинг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, ҳудуддаги экин майдонларининг мелиоратив ҳолати ёмонлашишига сабаб бўлаётган эди.
Ҳозирги кунда Ҳукуматимизнинг тегишли қарор ва дастурлари асосида Тахтакўпир туманидаги “КС-4” туманлараро коллекторининг ПК100+00 дан ПК210+00 гача қисмини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўрганиш давомида маълумот берилишича, “КС-4” туманлараро коллекторининг белгиланган қисмида реконструкция ишлари “Элликқалъамахсуссувпудрат” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Мазкур объектда 2024 йил давомида 11,0 километр қисмида реконструкция қилиш ишлари белгиланиб, бугунги кунда объектнинг 5,0 километр қисмида қазиш ишлари бажарилди.

Шу билан бирга ер ости сизот сувларини онлайн назорат қилиш имконини берувчи “Дайвер” қурилмаларини ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Объектда жами 6 дона махсус техникалар ҳамда 10 нафар ишчи-ходимлар иш олиб бормоқда.
Тадбир давомида «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси маъсуллари томонидан пудратчи ташкилот “Элликқалъамахсуссувпудрат” МЧЖ маъсули ва ишчи ходимларига реконструкция ишларини лойиҳада белгиланган муддатларда сифатли амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Маълумот учун: “КС-4” туманлараро коллекторида реконструкция ишлари амалга оширилганидан сўнг, ҳудуддаги 7 минг 432 гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади. Шунингдек, 620 гектар майдонларнинг ер ости сизот сувлари меъёр даражасига туширилиб, 1 минг 167 гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати барқарорлиги таъминланади.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати