___ Нукус шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД), Яшил Иқлим Жамғармаси ва Ўзгидромет билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ўзбекистонда мослашувнинг ўрта ва узоқ муддатли режалаштирилишини олға суриш учун секторларга таянган миллий мослашув режаси»лойиҳаси доирасида ўтказилган тренингда шу каби саволларга жавоб берилди, сувни иқтисод қилиш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди.

___ Тренингда бир қатор вазирликлар, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги ходимлари ҳам фаол иштирок қилди.
___ Тренинг аввалида Иқлим молияси бўйича таҳлилчиси, лойиҳа ходими Нурилло Абдунабиев ўзининг кириш сўзида мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида тушунча бериб ўтди. 
___ Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси учун иқлим ўзгариши масаласи долзарблигича қолмоқда, чунки йил сайин иқлим ўзгариши сезиларли бўлиб, иқлимга боғлиқ бўлган хавф-хатарлар – иссиқлик ва совуқ тўлқинлар, шунингдек, уларнинг давомийлиги кўпайиб бормоқда. Буларнинг барчаси кўпинча ҳосилнинг йўқолиши, қурғоқчилик ва сув танқислиги, тупроқнинг емирилиши, чанг бўронлар кўтарилиши натижасида бевосита ижтимоий-иқтисодий инфратузилмага, атроф-муҳитга, аҳоли турмуш фаровонлиги ва саломатлигига таъсир қилади.
___Иқлим ўзгаришига мослашиш давлат бошқарувининг барча даражаларида ва республика иқтисодиётининг барча тармоқларида режалаштиришнинг умумий ва зарур таркибий қисмига айланиши керак. Мослашувни миллий режалаштириш иқтисодиёт тармоқларининг иқлим ўзгариши таъсирига заифлигини баҳолашга, иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларни ҳисобга олишга, мослашув тадбирларини молиялаштириш муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради.

___Тренинг давомида иштирокчиларга тренер Ҳаёт Сайдалиев томонидан иқлим ўзгаришига мослашиш чоралари ва унинг оқибатлари ҳақида маълумотлар берилди, устувор йўналишларни танлаш мезонлари таҳлил қилинди. Жумладан, назарий ва амалий машғулотлар давомида фойда-харажат таҳлили, рентабеллик усули, кўп мезонли таҳлил, инвестиция таҳлили усуллари кўриб чиқилди.
___-Иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатувчи асосий факторлардан бири бу сувдир, – дейдитадбир иштирокчиларидан бири, Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси Руслан Айтжанов. – Тренингнинг очиқ-мулоқот қисми мавзу юзасидан бахс-мунозараларга бой ўтди. Иштирокчилар иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатувчи омиллар ва уларни камайтириш бўйича таклифларини илгари сурдилар. Иштирокчиларнинг кўпчилиги иқлим ўзгаришига минтақадаги сув танқислигини сабаб қилиб кўрсатди ва томчилатиб суғориш технологияси деҳқонлар учун қимматга тушишини ва етиштирилган ҳосилдан олган даромади ушбу технологияга етмаслигини билдиришди. Биз сувчилар бу борада ўз позициямизни билдирдик ва сув хўжалиги тизимида бир неча қарорлар қабул қилиниб, муайян ишлар амалга оширилаётганини, хусусан, ўтган йил 1 мартдаги 144-сонли Президент қарори асосида Оролбўйида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини қўллаган кластер ва фермерларга қўшимча имтиёз, яъни 8 миллиондан 12 миллионгача давлат томонидан субсидиялар ажратиш каби имкониятлар яратилганини айтиб ўтдик.

___Тренинг иштирокчилари атроф-муҳитни тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари ва имтиёзлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар. Экологик ва иқтисодий рағбатлантириш бўйича хорижий тажрибалар ҳам кўриб чиқилди, чора-тадбирларни молиялаштириш ва бюджетлаштириш қандай амалга оширилиши ўрганиб, иштирокчилари билан муҳокама. Эътиборлиси, муҳкамаларда билдирилган фикр-мулоҳазалар бўйича таклифлар тайёрланиб, мазкур йўналишдаги лойиҳаларни амалга оширишда эътиборга олиниши таъкидланди.
___Маълумот учун: 2020-2023 йилларда амалга оширилиши назарда мазкур лойиҳа дорисидаги тренинг Хоразм ва Бухоро вилоятларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Унда қишлоқ ва сув хўжаликлари, соғлиқни сақлаш, уй-жой қурили ва табиий офатларни бошқариш соҳаси ходимлари иштирок қилмоқдалар. Бундан кўзланган асосий мақсад миллий мослашув режасини ишлаб чиқиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини ишлаб чиқишда институционал ва техник салоҳиятини оширишдан иборатдир.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби