Шуманай туманидаги “Айтбай Утевлиев” фермер хўжалиги даласида Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги 5-сонли қарорининг мазмун моҳиятини тушунтириш ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва гидрометря хизматини такомиллаштириш юзасидан семинар ўтказилди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси А.Қидирбаев, Шуманай туман “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ директори Б.Хожаназаровлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январда қабул қилинган “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини сув истеъмолчиларига батафсил тушунтирдилар.
Эндиликда ҳар бир метр куб сувнинг ҳисоби юритилиши бунинг учун қуйи тизимда гидрометря хизматини такомиллаштириш, сувчиларни ўқитиш ва малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, юқорида келтирилган қарорга мувофиқ, онлайн кредит ажратиш имконини берувчи “Suvkredit.uz” электрон тизими ишлаб чиқилди ва унда барча босқичларни онлайн кузатиб бориш имкони яратилган. “Agro-subsidiya” ягона ахборот тизими бўйича ҳам сув истеъмолчиларига атрофлича маълумотлар берилди.

Шунингдек, томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан, истисно тариқасида, 2024 йилда пахта хом ашёсини етиштирувчилар томонидан дискрет суғориш тизимларини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ҳам ажратилишига рухсат берилгани таъкидлаб ўтилди.
Семинарда «АГРО БОЁВУТ ТОМЧИ» МЧЖ вакили И.Маркаев ҳам сўзга чиқиб, ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилишнинг муҳим жиҳатлари, хусусан, талабкорлар уларга буюртма беришса сув тежамкор технологияларни ўрнатишга қандай қўшимча қулайликлар яратилиши ҳақида маълумот берди. Бунда, фермер хўжалиги томонидан 10 гектарга технология жорий қилмоқчи бўлса, трансформатор ўрнига насос билан суғориш, агар 10 гектардан кўп бўлса трансформатор қуриб ва электр линя тортиб беришини, агар 40 гектардан кўп бўлса, насос филтр ҳамда минерал ўғит аралаштириб сув билан озиқлантириш имконини берувчи мослама қўшиб берилишини айтиб ўтди.
Семинарда қурувчи ташкилот таклифи муҳокама этилиб, фермер хўжалиги раҳбарларининг таклифлари ҳам тингланди. Бу борада фермер хўжалиги раҳбарлари сув хўжалиги масъуллари ҳамда пудрат ташкилоти вакилидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати