Нукус шаҳрининг шимолий қисмидаги Отчопар майдонида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни – ҳосил байрамига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан табриклади ва ўз сўзида бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, соҳага янги техника ва инновацион технологияларни жорий этиш, ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланишни кенгайтириш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, фермер ва кластерларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, ҳурматли Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган қарор ва фармонлар асосида халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидланди.

Байрам тадбирида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувчилар хизматлари ҳам алоҳида эътироф этилиб, бир гуруҳ сув хўжалиги ходимлари тақдирланди.

Жумладан, Чимбой ва Хўжайли туманлари “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходимлари Дарибай Акназаров, Ауезимбет Абдреймов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича механизация базасининг булдозер машинисти Кенесбай Шеримбетов, мазкур базанинг экскаватор машинисти Бегдулла Абдиакимов, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасининг сектор раҳбари Сагидулла Утемуратов ва Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Мелиоратив экспедицияси Бош чап қирғоқ мелиоратив тизими муҳандис мелиоратори Эргаш Маткаримовларга скутер совға этилди.



Байрам тадбирида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазма-ярмаркалари, концерт ва маданий тадбирлар, шунингдек, миллий спорт ўйинлари бўйича мусобақалар, жумладан, от чопиш, полвонлар кураши, арқон тортиш, қўчқор уруштириш каби кўнгил очар тадбирлар бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати