Бугун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кун тартибидаги масалалар билан бирга ҳудудлардаги каналларни бетонлаш масаласи ҳам алоҳида муҳокама этилиб, масъулларга топшириқлар берилган эди.

Куннинг иккинчи ярмида бугунги йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ҳафталик режа графикда белгиланган вазифаларни муҳокама этиш мақсадида Хўжайли туманидаги канални бетонлаш ишлари ўрганилди.
Тадбир иштирокчилари «Ташли жап» каналида бошланган реконструкция, бетонлаш ишлари билан яқиндан танишдилар. Бу борада вазифаларни белгилаб олиш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан республикага бириктирилган вакил Н. Атакулов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари Т.Мадиреймовлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023йил 29 ноябрь кунги видеоселектор йиғилишида берган топшириқлар ижроси бўйича сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сув йўқотишларининг камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва бу тадбирларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Таъкидланганидек, мазкур йўналишдаги топшириқлар доирасида Қорақалпоғистон Республикасида 267,7 километр каналларни бетонлаш ва реконструция қилиш ишларини олиб бориш белгиланган. Шундан бюджет маблағлари ҳисобидан 119,3 километр узунликдаги 10 объектда каналларни бетонлаш назарда тутилган. Бугунги кунгача бу йўналишда 2,4 километр каналларда бетонлаш ишлари амалга оширилган бўлса, қўшимча 1 объектда 3 километрни бетонлаш учун лойиҳа-смета ишлари олиб борилмоқда.

Тадбир давомида вазирликнинг қурилиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш сектор бошлиғи А.Махаматдиновга, буюртмачи «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» ДМ техник кузатиш бўлими бошлиғи Е.Бекниязов ва техник назоратчи Е.Кошеков ҳамда пудратчи ташкилот “Бунёдкор мерос” МЧЖ бошлиғи С.Абдурамановларга «Ташли жап» каналининг реконструкция, бетонлаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Канал атрофидаги аҳолининг қурилмаларини тартибга келтириш, бетонлаш ишларини сифатли ва ўз муддатларида ўтказиш учун маҳалла фаоллари билан тиғиз ҳамкорликда амалга оширилаётган тадбирнинг аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича ҳам тавсиялар берилди.
Маълумот учун: Хўжайли туманидаги «Ташли жап» канали 1940 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган бўлиб, лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 5 метр кубни ташкил қилган. Каналнинг тубини лойқа босиб, қирғоқларнинг айрим жойлари емирилиб, дов-дарахтлар ўсиб каналнинг кўлами кичрайиши ҳисобига сув ўтказиш қобилияти 2,5 м3/с.гача тушиб қолган.
«Ташли жап» канали реконструкциядан кейин сув ўтказиш қобилияти секундига 5 метр кубга, фойдали иш коэффициенти эса, 70 дан 80-82 га кўтариш назарда тутилган. Натижада ҳудуддаги 35 та фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқалари 2 минг 300 гектардан ортиқ майдонларни кафолатли сув билан таъминлашга эришилади.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати