МУРОЖААТ ИЖОБИЙ ҲАЛ ҚИЛИНДИ

аҳолига навбатлаб суғориш тартиби тушунтирилди

Яқинда Элликқалъа тумани “Гулистон” овул фуқаролар йиғини аҳолиси ҳудудидаги сув тақчиллиги, аҳоли томорқаларига сув етиб бормаётгани юзасидан видео мурожаат билан чиққан эди.

Ушбу мурожаатга асосан Элликқалъа тумани ҳокимлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимлиги, ирригация бўлими масъуллари ва “Гулистон” ОФЙ вакиллари жойига бориб, масалани ўрганишди.

Элликқалъа тумани ирригация бўлими бошлиғи З.Тангирбергеновнинг маълумот беришича, бошқа ҳудудлар қатори ушбу туманда ҳам сув тақчиллиги кузатилмоқда. Шу боис мурожаатда айтилган ҳудудга ҳам навбат асосида сув берилган  бўлиб, аҳоли томорқалари ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари суғорилган.  Сув миқдорининг нисбатан камлиги эса, айрим ҳудудлар аҳолисининг мурожаатига сабаб бўлган. 

Мурожаат юзасидан амалга оширилган тадбирлар натижасида мурожаат ижобий ҳал қилинди. Аҳолига республикамизда сув танқислиги кузатилаётгани, шунинг учун навбатлаб суғориш тартиби жорий қилингани тушунтирилди. Ҳозирда мурожаатда келтирилган  “Гулистон” ОФЙ ҳудудига аҳоли томорқа майдонларини суғормоқдалар.

Айни кунларда аҳоли вакилларидан келаётган мурожаатларни сув хўжалиги вакиллари ҳудудлардаги туман ҳокимлиги масъуллари билан биргаликда жойига чиқиб ўрганмоқдалар. Мавжуд сув манбаларидан оқилона фойдаланиб, ғўза майдонлари ва аҳоли томорқаларига сув етказиб беришнинг барча чоралари кўрилмоқда.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги

вазирлиги Матбуот хизмати