Сув хўжалиги вазири қорақалпоғистонлик ёш сувчилар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг маъмурий биносида вазирлик ва тизим ташкилотларида фаолият юритаётган ёшлар билан учрашди.
 
Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев, «Сувхўжаликназорат» инспекцияси бошлиғи Рустам Раҳимов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Бахтиёр Юсупов ҳамда соҳа ёшлари иштирок этди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда сув хўжалиги тизимида ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва соҳада ўз ўрнини топиши учун зарур шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


Шавкат Хамраев ёшларни сув хўжалиги соҳасининг истиқболли кадрлар захираси сифатида қайд этиб, уларнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш, замонавий ёндашувларни ўзлаштириши ҳамда ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув давомида ёшларнинг касбий ривожланишини таъминлашга қаратилган қатор амалий ташаббуслар билдирилди.
Жумладан, ҳафтада бир марта «Мелиорация куни», «Насос куни» ва «Гидрометрия куни»ни ташкил этиш орқали ёшларни соҳанинг амалий йўналишлари билан бевосита таништириш ва уларга зарур тажриба бериш белгиланди.


Шунингдек, ҳар беш нафар ёшга бир нафардан тажрибали устоз бириктириш, ёшларга сув хўжалиги иншоотлари ҳудудларидан фойдаланиш имкониятини яратиш ва уларда ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
Ёшлар учун индивидуал иш режаларини ишлаб чиқиш, унда касбий ўсиш, малака ошириш, хорижий тилларни ўрганиш каби йўналишларни белгилаш ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр ва таклифларини билдириб, соҳадаги фаолияти, касбий ўсиши ва келгусидаги режалари ҳақида сўз юритдилар.
Таъкидланганидек, бундай учрашувлар ёш мутахассисларнинг амалий маҳоратини ошириш, мустақил ишлаш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва сув хўжалиги соҳасига қизиқишини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида вазир ёш сувчиларга мустаҳкам соғлиқ, иш фаолиятида омад ва келгусидаги фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати