___
___Барча ҳудудлар сингари Оролбўйида ҳам куз-қиш тадбирлари доирасида каналллар қазиб тозаланмоқда. Белгиланган режа асосида гидроиншоотлар ва гидропостлар таъмирланмоқда.
___«Қызкеткен-Кегейли» ирригация тизими бошқармаси балансидаги «Абатжап» магистрал каналининг умумий узунлиги 48 километрни ташкил қилиб, Чимбой, Бўзатов ва Мўйноқ туманининг бир қисмига сув етказишга хизмат қилади.

___-Мазкур канал секундига 25 метр куб сув ўтказиш қобилиятига эга бўлсада ўтган йиллар давомида қирғоқларининг емирилиши ва лойқа босиб кўмилиши натижасида айрим жойларида сув ўтказиш қабилияти жуда пасайиб кетган эди, дейди – “Қизкеткен-Кегейли” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Марат Каипов. – Жорий куз-қиш ирригация тармоқларини тозалаш режасига кўра «Абатжап» каналининг ПК-00 дан ПК-105 гача, яъни 10,5 километр қисмини қазиб-тозалаш ишларини амалга оширишни белгилаб олганмиз.

___ Умуман олганда бошқармамиз тизимида куз-қиш тадбирларини ўз вақтида бажаришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бунда ирригация тармоқларини тозалаш билан бирга гидроиншоотларни таъмирлаб, шўр ювиш ҳамда вегетация даврига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Жумладан, «Кегейли» магистрал каналининг ПК-470 қисмида жойлашган «Тағжап» каналга сув берувчи гидроиншоотга 2 дона затвори комплект ўрнатилиб, таъмирланди ва бу борадаги ишлар давом қилмоқда.

___Юқорида сўз юритилган «Абатжап» каналида қазиш ишларини олиб боришда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги қошидаги ишлаб чиқариш базасининг 3 та экскаватори ва бир бульдозери ҳамда махсус техникаларидан унумли фойдаланилмоқда.

___Мазкур каналнинг белгиланган қисмида қазиш ишлари якунлангач, 11 минг гектардан ортиқ экин майдонларига сув етказиб бериш яхшиланади. Албатта, мазкур каналнинг қолган қисмларида ҳам босқичма-босқич қазиш ишларини давом қилдириш режалаштирилган. Эътиборлиси, бу ишлар Оролбўйининг олис ҳудудларидаги аҳолининг томорқа майдонларига сув етказишда юзага келаётган муаммоларни бартараф қилишга хизмат қилади.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби