КАМЧИЛИКЛАРНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ УЧУН

бугундан иш бошлаганмиз, дейди фермер…

____Амударё туманидаги “Ражабов Омонбой” фермер хўжалиги даласида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди.

____Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири А.Якубов, Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Мамбеткаримов, туман ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўича ўринбосари Ф.Садуллаев, туман ирригация бўлими ҳамда бошқа масъуллар, кластер ва фермер хўжаликлари, қурувчи ташкилотлар   раҳбарлари иштирок қилди.

____Семинарда экин майдонларига  томчилатиб суғориш  технологиясини жорий қилиш бўйича ҳозирги кунда амалга ошириладиган ишлар, мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Бу борадаги вазифалар белгиланди фермерлар ва қурувчи ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.

____Туманда 2021 йил пахта ҳосили учун 1700 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий  қилиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда 65 та фермер хўжалиги “Амударёдавсувпудрат”  масъулияти чекланган жамияти ва “Асл тараққиёт” МЧЖ лар ўртасида шартномалар имзоланиб, банклардан кредит ажратиш ва бошқа ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Айрим фермер ва кластерлар ўз маблағлари ҳисобидан сув тиндирувчи ҳовузларни қазиш ишларини бошлаб юбордилар.

____-Ўтган йилги  камчликларни бартараф қилиш учун томчилатиб суғориш технологиясини жорий қиладиган далаларимизда бугундан иш бошлаганмиз,  -дейди “Ражабов Омонбой” фермер хўжалиги раҳбари О.Ражабов. – 2021 йил 30 гектар пахта экиладиган майдонларга томчилатиб суғориш тежамкор технологиясини жорий қилмоқчимиз. Ҳозир далаларни лазер ускунаси ёрдамида текислаш ва ҳовуз қазиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Бугунги семинарда ҳам мутахассислардан сув тежамкор технологияларини жорий қилиш бўйича кўплаб тавсия ва маслаҳатлар олдик.  

____Тадбирда иштирок қилган фермерлар соҳа раҳбарлари ва қурувчи ташкилотлар вакилларидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

 

М.Қаландарова,

Амударё ТИБ матбуот котиби