Олдин хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 14 март куни Сув хўжалиги масъуллари Кегейли туманида сайёр қабуллар ўтказишган эди.

Тадбирлар давомида сув хўжалиги масалаларидан ташқари аҳоли томонидан ўзини-ўзи банд қилиш ва даромад топиш борасида амалий кўмак сўраб қилинган мурожаатлар ҳам бўлди. Сув хўжалиги масъуллари ушбу мурожаатларни ҳам эътибордан четда қолдирмади.
Бугун, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Сувхўжаликназорат” инспекцияси бошлиғи Р.Рахимов сайёр қабуллар давомида мурожаат қилган аёллларга тикув машиналарини топширди.

-Замонавий ва айнан мен учун зарур бўлиб турган русумдаги тикув машинаси беришди, – дейди “Жанабазар” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Гулназ Аяпбергенова. – Сайёр қабулда асосий масала сув хўжалигига оид эканлигини билиб олдинига жим ўтирдим. Масъуллар барча билан очиқ мулоқот қилиб, имкон қадар ёрдам беришларини айтишганидан сўнг, шундай русумдаги машина бўлса, тикувчилик орқасидан ишли бўлиш, рўзғоримни бутлаш имконим борлигини айтгандим.
Мана бугун тикув машинасини олиб келиб беришди. Бунинг учун Сув хўжалиги масъулларига катта раҳмат айтаман ва мурожаатимиз ижобий ҳал бўлганидан миннатдорман. Бу бизнинг оиламиз учун Наврўз байрамига муносиб совға бўлди.

Шунингдек, Р.Рахимов тумандаги сув хўжалиги масъуллари ҳамроҳлигида «Халқобод» маҳалласидаги Гулимхан Абдиева ҳамда “Кумшунгул” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Гоззал Шымбергеноваларга ҳам худди шундай замонавий тикув машиналарини топширди.

Мазкур ишларни Кегейли туманида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларнинг узвий давоми, дейиш мумкин. Эътиборлиси, сув хўжалиги масъулларига қилинган ҳар бир мурожаат назоратда ва уларни ижобий ҳал этишда ҳудудлардаги сувчилар жамоаси ҳам бор куч-имкониятларини сафарбар этишмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати