
Ҳадемай Қорақалпоғистонда шўр ювиш тадбирлари бошланади. Ўзбекистон миқёсида шўр ювишга ер тайёрлаш бўйича кўргазмали семинар ҳам айнан ушбу ҳудудда ўтказилади. Куни кеча Қорақалпоғистондаги барча туманларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги ходимлари Беруний туманига ташриф буюриб, семинар ўтказиладиган дала майдонида олиб борилаётган ишлар, тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Уларга шўр ювишдан олдин ерларни лазер ёрдамида текислашнинг аҳамияти, туманларда ҳам шу каби кўргазмали семинарлар ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш, ер майдонларини тўғри танлаш борасида тушунтиришлар берилди.
Шўр ювишдан олдин ер майдонларини лазер ёрдамида текислаш, аввало, сув сарфини ва шўрланиш даражасини 30 фоизгача камайтиради. Экин майдонлари бир текис қониб сув ичиши таъминлангач, ҳосилдорлик 10-15 фоизга ошади. Яна бир муҳим жиҳати ерга-ер қўшилади.

Айни пайтда кўргазмали семинар ўтказиладиган майдонда тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Дала ва ён атрофдаги мелиорация ва ирригация тармоқларини қазиш ва тозалаш ишларига Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизим ташкилотларининг 10 дан ортиқ махсус техникалари жалб қилинган.
|
Ғ.ОТАЖОНОВ, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби |