СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ БЕРУНИЙДА “ЯШИЛ МАКОН” ДОИРАСИДА КЎЧАТ ЭКИШДА ИШТИРОК ҚИЛДИ

     Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Оролбўйида куз-қиш мавсумида сув хўжалиги соҳаси бўйича амалга оширилётган ишлар билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистоннинг бир неча туманларида бўлди.

     Бугун, яъни 18 октябрь куни Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Беруний сув хўжалиги ва мелиорация коллежига ташриф буюриб,  таълим муассасанинг 2023-2024 ўқув йилида ўқув-тарбиявий ва моддий базасини  ривожлантиришга қаратилган тадбирлар бўйича «Йўл харита»ни ишлаб чиқиш ҳамда ундан ўрин олиши лозим бўлган вазифаларни муҳокама қилди. Муҳокама қилинган масалалар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари масъулларига тегишли топшириқлар берилди.

     Тадбир давомида Вазир мазкур коллежнинг ўқув ва амалий машғулотлар хоналари, дала майдонида қурилган сув тежовчи технологияси  билан ҳам танишди. Шунингдек, ўкитувчи ва ўкувчилари билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади.

 

     Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Беруний сув хўжалиги ва мелиорация коллежининг маъмурий биноси олдидаги дала майдонида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида экилаётган кўчат экиш тадбирида ҳам иштирок қилди. 

      Кўчат экишда иштирок қилар экан, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири айни кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб Президентимиз ташаббуси билан “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсумига старт бериганини, ушбу хайирли тадбирда сувчилар фаол иштирок қилиши, бошқаларга намуна бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот котиби