
Элликқалъа туманида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда куз-қиш мавсумида ирригация ва мелиорация тизимида амалга ошириладиган ишлар бўйича кўргазмали семинар ўтказилди.

Семинар иштирокчилари дастлаб “Қилчиноқтаъмир” ММТП ҳудудида қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш ишлари билан танишдилар. Соҳа масъуллари томонидан фермерларга бу борада кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Навбатдаги манзил – “Тоҳир ўғли Боғибек” фермер хўжалигида лазер қурилмаси ёрдамида экин майдонларини текислаш ва томчилатиб суғориш технологияси билан танишилди. Қатнашчиларга кузги ғалла парвариши ва томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Мутахассислар ҳудуддаги ички канал ва зовурларни тозалаш, шўр ювишдан олдин экин майдонларини шудгор қилиш ва текислаш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида гапириб беришди.
Шундай кўргазмали семинарлар Қорақалпоғистоннинг бошқа туманларида ҳам ўтказилмоқда.
|
Ғ.Отажонов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби |