ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА “ЧОРТОҚ ТАЖРИБАСИ” БЎЙИЧА СЕМИНАР ТРЕНИНГЛАР ЎТКАЗИЛМОҚДА

Маълумки, Президентимиз жорий йилнинг 16 сентябрида Наманган вилояти ташрифи доирасида Чортоқ туманидаги “Айқирон-1” насос станциясини кўздан кечириб, икки йил ичида  ушбу насос станцияси тажрибаси асосида вилоятдаги барча насос станцияларини модернизация қилиш, буни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич амалга ошириш бўйича топшириқ берган эдилар.

Айни кунларда мамлакатимизда, шу жумладан Қорақалпоғистоннинг туманларида ҳам Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги насос станцияларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташаббускорларга бошқарувга беришнинг афзалликлари ҳамда тартиб ва шартларини тушунтириш бўйича алоҳида семинар-тренинглар ташкил қилинмоқда.

Қароқалпоғистон Республикасининг Тахиатош, Хўжайли, Шуманай, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида “ЧОРТОҚ ТАЖРИБАСИ” асосида насос станциялари ва суғориш тармоқларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга беришнинг мазмун ва моҳияти, афзалликлари ҳамда тартиб ва шартларини тушунтириш бўйича семинар-тренинглар ташкил этилди.

Семинарларда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б. Юсупов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари М. Абдиров, Тахиатош тумани ҳокими К. Айтбаев, Шуманай тумани ҳокими А.Аметов, Хўжайли ва Қўнғирот тумани ҳокимларининг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи А. Қосбергенов, “Агро банк” ҳудудий филиали масъул ходимлари, “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси раҳбарлари, Насос станциялари ва энергетика бошқармасининг ДХШга масъуллари, кластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари бошлиқлари ҳамда сувчи-мироблар иштирок этди.

Тадбирларда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 октябрдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳанинг ҳусусий сектор учун жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 8-бандида “Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети, “Агробанк” АТБ билан биргаликда 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб сув хўжалиги соҳаси, деҳқон ва фермер хўжаликлари вакилларига “Чортоқ тажрибаси” асосида насос станциялари ва суғориш тармоқларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга беришнинг мазмун ва моҳияти, афзалликлари ҳамда тартиб ва шартларини тушунтириш бўйича алоҳида режа-график асосида семинар-тренинглар ташкил қилиб бориш топшириғи берилган.

Ўтказилган семинар-тренингларда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ДХШ шўбаси бошлиғи Е. Давлетияров, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Н. Аралбаев ва бошқа масъуллар томонидан сув ресурсларини бошқаришда “Чортоқ тажрибаси” асосида насос станциялари ва суғориш тармоқларини “бир насос- бир тизим” тамойили бўйича ДХШ асосида бошқарувга бериш, яъни, сувдан фойдаланувчиларга сувни бевосита хусусий шериклар томонидан етказиб бериш тизими ҳақида тайёрланган тақдимотлар орқали атрофлича тушунтиришди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Чортоқ тажрибаси” доирасида насос станциялари ва суғориш тармоқлари суғориш учун бириктирилган майдонларда битта сув истеъмолчиси мавжуд бўлса, истисно тариқасида унинг ўзига, бир нечта сув истеъмолчилари мавжуд бўлса, келишилган ҳолда улардан биттасига ДХШ асосида бошқарувга берилади. Сувни реал вақт режимида ўлчаш қурилмалари орқали ҳисобланган сув солиғи тушумининг 40 фоизи сув етказиб бериш хизматлари томонидан хусусий шерикка тўлаб берилиши ҳақида тушунчалар берилди.

Шунингдек, сув хўжалиги объектларини ДХШ асосида бошқарувга олган хусусий шерик зиммасига истеъмолчиларни белгиланган тартибда сув олиш лимити доирасида сув билан таъминлаш, сув хўжалиги объектларини давлат шериги билан келишилган ҳолда бошқариш, сув ҳисоби ва ҳисоботининг тўлиқ юритилишини таъминлаш, хизмат кўрсатиш ҳудудидаги барча сув хўжалиги объектларини босқичма-босқич модернизация қилиш мажбуриятлари юкланиши ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Мазкур туманларда ўтказилган семинарларда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирнинг биринчи ўринбосари А.Уразимбетов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг масъул ходими Н.Худайбердиев ва бошқа масъуллар томонидан туманларда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш масалалари ҳам кенг муҳокама этилди. Бу борада  амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати