Наврўз байрами муборак бўлсин!

Юртимизга янгиланиш ва яшариш айёми, Наврўзи олам кириб келмоқда. Мана шу улуғ айём билан бутун халқимизни, сув хўжалигида меҳнат қилиб келаётган барча ходимларни улар тимсолида оила аъзоларини Наврўз байрами билан чин юракдан самимий муборакбод этамиз.

Наврўз – янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи. Айнан шу байрам арафасида ерга барака уруғлари қадалиб, Бобо деҳқонларимиз шарқона янги йилнинг ёғин-сочинга мўл, серҳосил, қут-баракали келишини, халқимиз дастурхона тўкин-сочин бўлишини сўраб дуога қўл очадилар.

Жорий йилги Наврўз байрами умумхалқ сайллари тарзида ўтказилиб, унда сув хўжалиги ходимлари туманларда ва республика миқёсида ўтказилаётган тадбирларда ўзларининг кўргазмали чиқишлари билан иштирок қилмоқдалар. Шунингдек, фахрий сувчилар байрам тадбирларига таклиф этилиб, Наврўз байрамини шоду-хуррамлик билан нишонламоқдалар. Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортиб, сайл ва томошалар қилмоқдалар.

Шу ўринда жорий йилда сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича олдимизга қўйилган улкан режаларни бажаришда, вегетация даврида деҳқонларимизга сув етказиб беришдек машаққатли ишларни касбга садоқат билан амалга оширишда сизларга куч-қувват ва шижоат ҳамроҳ бўлишини яратгандан сўраб қоламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, халқимизни ҳамда машаққатли ва савобли касб эгалари бўлган сувчиларни  Наврўз айёми билан яна бир бор табриклаймиз!

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги