ҲАР БИР ОБЪЕКТДАГИ ҚУРИЛИШ ИШЛАРИ ТАНҚИДИЙ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

       Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида   ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларининг 2024 йилнинг ўтган 4 ойи давомида бажарилиши, режадан ортда қолаётган объектларнинг муаммолари ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама этилди.

        Муҳокамалар аввалида, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция этиш бўйича режадан ортда қолаётган ҳар бир объект бўйича маълумот бериб ўтди. Унда режадан ортда қолаётган объектлар, пудрат ташкилотларининг бу борада ишларни тўғри ташкил қилмаётган пудрат ташкилотлари номлари ва камчиликлари баён этилди.

       Шундан сўнг, ҳудудлардаги сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошираётган пудрат ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.  

       Пудрат ташкилотлари раҳбарларининг объектларда амалга ошираётган ишлари ва айримларининг режадан ортда қолиш сабаблари асослаб берилиши талаб қилинди. Бу борада қурувчи ташкилот раҳбарлари келтирган важлари Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ҳамда унинг ўринбосарлари томонидан танқидий муҳокама этилиб, қурилиш ишлари ўз муддатида ва сифатли бажарилиши учун барча пудрат ташкилоти раҳбарлари шахсий масъулиятини оширишлари талаб этилиши қайд этиб ўтилди.

       Хусусан, «Ташли жап», «Есимўзак» каналлари ва «ГЛК», «К-1», «КС-4» ва «Махтумқули-1» коллектор-дренаж тармоқларида реконструкция қилиш ишларини амалга ошириётган пудратчи ташкилот раҳбарига бугунги йиғилишдаги танқидий муҳокамалардан тўғри хулоса чиқариб, ишларни тизимли ташкил қилиш, объектларга етарли миқдорда техника ва ишчи кучларини жалб этиш вазифалари топширилди.

     Муҳокамалар якунида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймов, вазирликнинг қурилиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш шўъбаси бошлиғи А.Мухаматдинов, Буюртмачи “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси директори в.в.б Н.Каиповларга йиғилишда муҳокама этилган масалалар, хусусан, барча объектларнинг қурилиш ва реконструкция  ишларининг ўз муддатларида ҳамда сифатли бажарилишини назоратга олишлари топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати