Бугун Ўзгидромет 20-24 июнь кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириш билан чиқди. “Республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин”, дейилади Ўзгидромет хабарида.

Қорақалпоғистонликлар бу каби огоҳлантириш хабарларига унчалик ҳам эътибор қаратмас эди. Лекин жорий баҳор мавсумидаги ёғингарчиликдан сўнг тўпланган ёмғир сувларини хавфсиз ўтказиш ва сув тошқини ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган тадбирлар кучайтирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси маъсуллари томонидан Амударё дарёсининг қуйи қисмида сув тошқинлари талофат етказилиши мумкин бўлган жойлар ва уларни бартараф қилиш юзасидан амалга оширилаётган тадбирлар ўрганилди.
Ўрганиш давомида маълумот берилишича, Амударё дарёсининг қуйи қисми Тахиятош гидроузелидан Мўйноқ туманидаги «Дарёоралиғи» сув ҳавзасигача 198 километрни ташкил қилиб, охирги йилларда дарё сатҳининг кўп қисми қумлар билан кўмилиб қолган. Бу эса, дарё ўзанлари ўзгариб оқишига, яъни қирғоқлари емирилишига олиб келиши табиий ҳолдир.
Дарёнинг Тахиятош гидроузелидан пастида чапқирғоқ ПК170+00 дан ПК180+00 гача қисми яъни 1,0 километр оралиқдаги қирғоқлари емирилиб, талофат кўрган. Сув тошқинида яна емирилиш ҳавфи юзага келиши ва аҳоли хонадонлари, экин майдонлари сув тошқинидан талофат етиши мумкинлиги боис, Амударё қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 ноябрдаги “Тошқин сувлари ва сел тошқинларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиши ва ер кўчкиси ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича” ҳукумат комиссияси мажлисининг 68-сонли баёни асосида Хўжайли тумани “П.Халмуратов” ОФЙ ҳудудидаги Амударё қирғоқларини (ПК170+00 дан ПК180+00 гача) мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилиши натижасида ҳудуддаги аҳоли хонадонлари, томорқалари ва фермер хўжалиги экин майдонлари тошқин сувларидан ҳимояланишига, шунингдек, келажакда сув тошқинларининг сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказилиши таъминланади.
Амударё дарёсининг қуйи қисми чапқирғоғидаги мустаҳкамлаш ишлари пудратчи ташкилот “Тўрткўлли Нураддин Экскаваторчи” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилмоқда. Ўрганиш давомида пудрат ташкилот вакилларига ва ишчи ходимларига қирғоқларни мустаҳкамлаш ишларини лойиҳада белгиланганидек сифатли амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Маълумот учун: 2024 йил давомида Амударё дарёсининг қуйи қисми чапқирғоғи 1 километр қисмини мустаҳкамлаш ишларини олиб бориш белгиланган. Бугунги кунгача 200 метр қисмида мустаҳкамлаш ишлари бажарилди. Объектда жами 8 та махсус техникалар ҳамда 12 нафар ишчи-ходимлар иш олиб бормоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати