
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 июлдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида онлайн курслар, тренинглар ва семинарлардан фойдаланиб халқаро мутахассислар ҳамда соҳадаги илмий ва таълим ташкилотларининг тадқиқотчиларини жалб қилган ҳолда малака ошириш тизимини яратиш бўйича вазифалар белгиланган.
Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” билан ҳамкорликда 5 кунлик онлайн ўқув-тренинг курсларини ўтказди. Тадбир сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилишни ривожлантиришга кўмаклашувчи тренерларни тайёрлаш мақсадида уюштирилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги сув хўжалиги ташкилотларидан 40 нафарга яқин мутахассис масофадан туриб қатнашди. Иштирокчиларга мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, бу борада давлат томонидан берилаётган субсидиялар, олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳақида маълумот берилди. Сув тежовчи технологияларнинг турлари, таркибий қисмлари, ҳар бирининг ўзига хос жиҳатлари, уларни лойиҳалаш, қуриш, синаб кўриш ва ишга тушириш бўйича илғор тажрибалар билан таништирилди.
Ўқув-тренинг курсларида сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқаришда етакчи хорижий компанияларнинг тажрибалари ўрганилди. Жумладан, Нетафим компаниясининг (Исроил) тақдимоти ўтказилди.
Онлайн тарзида ўтган машғулотларда иштирокчилар ўзларининг амалий тажрибаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Эндиликда ушбу тренерлар кластер ташкилотлари, фермерлар ва томорқа ер эгаларига сув тежовчи технологияларни ўрнатишда амалий кўмак берадилар.
| Матбуот хизмати |