КИБЕРХАВФСИЗЛИК – АХБОРОТ ҲУЖУМЛАРИДАН ҲИМОЯЛАНИШДИР

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида «Ахборот ва киберхавфсизлик» мавзусида ўқув-семинари ўтказилди.

 

Тадбирда Ўзкомназорат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ва тегишли органлар масъул ходимлари ҳамда сув хўжалиги вазирлиги ходимлари иштирок этди.

Семинар аввалида, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймов сўзга чиқиб, бугунги глобаллашиб бораётган замонда ахборот хавсизлигини таъминлаш, ахборотнинг ташкилий ҳимояси – ташкилотда ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш, кадрлар малакасини ошириш, ҳужумларга қарши туриш бўйича норматив ва техник воситалар ишлатилишини таъминлаш мақсадида бу каби ўқув-семинарлари ташкил этилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ўқув-семинарда Ўзкомназорат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмасининг Рақамли технологияларни жорий этилиши ва ахборот хавфсизлигини назорат қилиш бўйича 1-чи тоифали мутахассиси Р.Ахимбетов мавзу юзасидан иштирокчиларга маъруза қилди ва ахборот борасидаги хавфсизлик — ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимояланганлик ҳолати, ахборот соҳаси — субъектларнинг ахборотни яратиш, қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ фаолияти юзасидан тақдимотлар билан таништирди.

Таъкидланганидек, ахборот хавфсизлиги деб маълумотларни йўқотиш ва ўзгартиришга йўналтирилган табиий ёки сунъий хоссали тасодифий ёки қасддан қилинган таъсирлардан ҳар қандай сақловчиларда ахборотнинг ҳимояланганлигига айтилади. Илгариги хавф фақатгина конфиденсиал (махфий) хабарлар ва ҳужжатларни ўғирлаш ёки нуша олишдан иборат бўлса, ҳозирги пайтдаги хавф эса компьютер маълумотлари, маълумотлар базалари, электрон массивлардан уларнинг эгаси рухсатисиз фойдаланишдир. Булардан ташқари, бу харакатлардан моддий фойда олишга интилиш ҳам ривожланиб бормоқда. Ахборотнинг ҳимояси эса бошқариш ва ишлаб чиқариш фаолиятининг ахборот хавфсизлигини таъминловчи ва ташкилот ахборот захираларининг яхлитлилиги, ишончлилиги, фойдаланиш осонлиги ва махфийлигини таъминловчи қатий регламентланган динамик технологик жараёндир.

Ўқув-семинари мавзуси юзасидан бошқа мутасадди ташкилот вакиллари ҳам сўзга чиқиб, жаҳонда бўлгани каби, юртимизда ҳам ахборот коммуникация технологиялари ривожланган сари унинг афзаллиги ва қулайликларидан фойдаланиш билан бир қаторда ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари долзарб бўлиб қолаётганини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, вазирликнинг Ахборот ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича бош мутахассис Қ.Серикбаэв ҳамда Ахборот хизмати бўйича бош мутахассис Г.Атажановга Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг расмий веб-сайтида ахборотларни ўзгартириш ёки бегона маълумотларни жойлаштириш ҳамда бошқа шакллардаги рухсатсиз аралашувларни олдини олиш мақсадида заифликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриш бўйча тавсиялар берилди.

Таъкидланганидек, киберхавфсизлик бу – тасодифий ва атайин қилинган ёки уюштирилган ахборот ҳужумларидан ҳимояланиш демакдир. Телекоммуникация тармоқлари орқали бепарволик туфайли ёки қасддан амалга оширилаётган таҳдидларга қарши туриш, уларга нисбатан чора кўриш ва кутилмаган таъсирлардан ҳимояланиш бугун барчамизнинг кундалик вазифамизга айланиши лозим.

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати