СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ БЎЗАТОВДАГИ ҚУРИЛИШ ОБЪЕКТИ БИЛАН ТАНИШДИ

___Бугун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев ҳудудлардаги сув хўжалиги объектларида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш ҳамда бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга қаратилган тадбирларни ташкил қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.

___Маълумки, муҳтарам Президентимиз ўтган йили сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Бўзатов туманида бўлиб, туманда сув таъминотини яхшилаш мақсадида “Амударё” дарёсининг ПК-900 қисмида секундига 3 метр куб сув чиқариш қувватига эга насос агрегатларини ўрнатиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берган эди.

___Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Бўзатов туманида насос агрегатларини қуриш борасидаги топшириқ ижросини таъминлашни алоҳида назоратга олган. Вазир ҳар сафар келганида, хусусан 19-21 январь кунлари Қорақалпоғистонда бўлган кунлари ҳам мазкур насос станцияси қурилиши билан танишган эди.

___Бугун Вазир Ш.Хамраев Қорақалпоғистондаги ишларини яна мазкур насос агрегатларининг қурилиш жараёнлари билан  танишишдан бошлади.  Бир ой олдин берилган топшириқлар ижросини жойида ўрганди. Масъулларга мазкур қурилиш объектининг Бўзатов туманини кафолатли сув билан таъминлаш борасидаги аҳамиятини яна бир бор тушунтириб, қурилиш ишларини жадаллаштириш ва сафатли амалга ошириш борасида кўрсатмалар берди.

___Тадбир доирасида Вазир Ш.Хамраев Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири лавозимини вақтинча бажарувчи Б.Жузбаев, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика  бошқармаси бошлиғи К.Сарыбаевлар ҳамроҳлигида бир гуруҳ бўзатовлик нуронийлар билан ҳам учрашди. Нуронийлар туманни сув билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлардан мумнунлигини айтиб, Президентимиз ташаббуси билан бошланган эзгу ишга бош-қош бўлаётганларга миннатдорлик билдиришди. Кекса отахонлар дарёмизда сув мўл бўлишини, ҳамда қилинаётган эзгу ишлар самарали якун топиб, сувчи ва қурувчиларнинг юзи-ёруғ бўлишини, тез кунда ариқлари тўлиб сув оқишини Яратгандан сўраб, дуога қўл очдилар.

___Олдин хабар берганимиздек, Бўзатов туманида қурилаётган насос станцияси «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» ДМ буюртмаси асосида “Бунёдкор Мерос” МЧЖ пудрат корхонаси томонидан мазкур ўринда насос станциясини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

___Пудратчи корхона томонидан жами 35560,0 м3 тупроқ ишлари, 601 м3 бетон ишлари ва 35 арматура сеткаларни ўрнатиш ишлари бажарилди.  Шу жумладан, насос станцияси учун 10 Кв электр узатиш линиясини қуриш ва ТМГ-1000/10/6кВа  типидаги ажратиш блокини ўрнатиш ишари амалга оширилди. Ҳозирда 3 та насос агрегати ҳамда двигателлари тўлиқ ўрнатилди. Аванкамера қурилиб, насоснинг сув олувчи ва сув чиқарувчи қувурлари монтаж қилинди. Каналнинг туби (дно) 70 метрда бетонлаш ишлари бажарилди. Акведукнинг бир нуқтасидаги трубаси монтаж қилиниб, иккинчи қувурни монтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда.   Мазкур насос агрегатиларини монтаж қилиш ишларини тез кунларда якунланиб, объектни жорий йилнинг март ойига тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

___Объектда 2 дона экскаватор ва 1 дона бульдозер, 4 дона автосамосавал, 2 та миксер, 1 та каток ва бошқа техникалари ишламоқда. Объектда 30 нафарга яқин  ишчи ходимлари қурилиш-монтаж ишларини икки сменада олиб борилмоқдалар. Пудратчи ташкилотга Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика  бошқармасининг 15 нафар ишчи-ходимлари яқиндан ёрдам беришмоқда.

___Мазкур насос агрегатлари ишга тушиши натижасида Бўзатов тумани ҳудудидаги 76,9 километр оралиқдаги «Еркиндәрья» хўжаликлараро канали бўйида жойлашган 1,5 минг хонадоннинг 210 га томорқа майдонлари, 50 тадан ортиқ қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 2,8 минг га экин майдонлари, 3,5 минг га яйлов майдонларини суғориш ҳамда «Бўзатов» аҳоли пункти, «Қусхонатов» ҳудудидаги аҳолини ичимлик суви билан ҳамда ҳудуддаги чорва молларини сув билан таъминлашдаги муаммолар бартараф этилади.

___Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраевнинг Оролбўйида сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган тадбирларни ўрганиш ишлари давом қилмоқда.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби