Тахтакўпирдаги томорқаларга сув етказиладиган бўлди

___Жорий йилнинг 19 апрель куни KRuz.uz телеграм каналида Тахтакўпир тумани марказидан оқиб ўтувчи каналда сув йўқлиги ҳақида аҳолидан мурожаат келгани ёритилди. 

___Ушбу мурожаат жойига чиқиб ўрганилганда, тумандаги «Айдин жол», «Даўр» маҳалла фуқаролар йиғинлари ва «Тахтакўпир» аҳоли пункитининг айрим ҳудудларидаги аҳолининг томорқа майдонларига ҳақиқатан ҳам сув етиб бормаётгани аниқланди.

___– Ушбу мурожаат туман ҳокими раҳбарлигида бир қатор масъуллар билан биргаликда ўрганилди, дейди туман ирригация бўлими раҳбари Давлетбай Палванов. – Сув миқдорининг нисбатан камлиги туфайли эски «Қуўаныш жарма» канали орқали туман марказидаги аҳолининг томорқа майдонларига сув беришни имкони бўлмаётган эди. Шу сабабли Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли бўлган олдин бошқа ҳудудда фойдаланилмай турган насос агрегатини ушбу каналга сув бериш учун кўчириб олиб келинди.

___Бугунги кунда насос агрегати тўлиқ ўрнатилиб, эски “Қуўаныш жарма” каналига ушбу насос агрегати орқали сув берила бошлади ва мурожаат ижобий ҳал қилинди. Эътиборлиси, ушбу насос агрегати ўрнатилгач Тахтакўпир тумани марказидаги аҳолининг томорқа майдонларига сув етказиладиган бўлди.

___Маълумот учун: жорий йилги сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимликлари билан келишилган ҳолда ҳудудларга сув бериш бўйича графиклар ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Ушбу график асосида магистрал каналларга навбатлаб сув бериш орқали фермер хўжаликлари, шу жумладан томорқа майдонларида суғориш тадбирлари олиб борилмоқда. Жумладан, ушбу график асосида йил бошидан Тахтакўпир  туманига 72 млн. куб метр сув берилган. Айни вақтда вегетация даври учун секундига 18 метр куб сув туман чегарасига етказиб берилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги

Матбуот хизмати