
Бошқа ҳудудлар сингари Қорақалпоғистон Республикаси туманларида ҳам қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда сув тежовчи технологияларининг афзалликлари, уларнинг имкониятлари, талаб этиладиган ресурсларнинг иқтисод қилинишига бағишланган кўргазмали ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.
Карантин талаблари асосида ўтказилаётган ўқув-семинарларда мутахассислар сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, бугунгидек сув танқислиги шароитида қулайлиги ва бу технологияни жорий қилиш учун деҳқон-фермерларга давлат томонидан яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар беришмоқда.
Дастлабки ўқув-семинари 19 август куни Амударё туманидаги “Ҳайтаков Улуғбек” фермер хўжалиги даласида бўлиб ўтди. Мазкур туманда жорий йилда 5 та фермер хўжалигининг 75 гектар ғўза майдонларига сув тежовчи технологиялар ўрнатилди.
– Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш – бугунги кун ва эртанги келажакнинг талабидир, – дейди “Асл қишлоқ тараққиёт” МЧЖ пудрат ташкилоти раҳбари Жасур Юнусов. – Кўриб турибмизки минтақамизда йил сайин сув танқислиги кузатилмоқда. Ана шундай шароитда ҳам экин майдонларидан юқори ҳосил олиш учун албатта тежамкор технологияларни жорий қилиш зарур бўлади. Бунинг учун давлатимиз томонидан субсидия ва кредитлар ажратиш назарда тутилгани фермерларга молиявий кўмак бўлмоқда.
Тўрткўл туманида бу йил “Агро Тўрткўл Текстил Кластер” МЧЖ 60,4 гектар ва “Кўҳна Тўрткўл Шуҳрат” фермер хўжалиги 15,1 гектар жами 75,5 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатди.
Сув тежовчи технологияларнинг афзалликларига бағишланган навбатдаги ўқув-семинари 20 август куни Тўрткўл туманида ўтказилди. Унда қўшни Элликқалъа ва Беруний туманлари фермерлари ва сув хўжалиги масъуллари ҳам иштирок этди.
Семинар иштирокчилари “Кўҳна Тўрткўл Шуҳрат” фермер хўжалигининг оддий усулда ва сув тежовчи технологиялар ёрдамида парваришланаётган ғўза майдонларини кўздан кечирдилар.
Семинарда ўндан ортиқ фермер келгуси йил ўз далаларида тежамкор технологияларни ўрнатиш истаги борлигини билдирди. Ташаббускор фермерларга сув хўжалиги масъуллари ва тежамкор технологияни далаларга қурувчи пудрат ташкилоти вакиллари ишни нимадан бошлаш кераклиги ҳақида кўрсатмалар беришди.
|
Ғ.Отажонов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби |