
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги ҳамда унинг тизим ташкилотларида ҳам 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан вазирликда ўтказилган тадбирда Президентимизнинг байрам муносабати билан халқимизга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Унда таъкидланганидек, ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Айни вақтда юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти ва урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Турли ҳудудларда ташкил этилган 140 га яқин миллий маданият марказлари ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Тадбирга таклиф қилинган тилшунос олим ва ёзувчилар бугунги кунда ўзбек тилини замон талаблари асосида ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада ошриш борасида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, куни кеча Президентимиз томонидан “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг қабул қилингани ва шу асосда 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланганлиги фикримизга ёрқин мисолдир.
Тадбирда Президентимизнинг ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришга оид фармонининг мазмун-моҳиятига ҳам тўхталиб ўтилди.
|
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати |